Фарзандли бўлганимдан сўнг бу сўзларни ҳар куни эшитадиган бўлдим. У ишдан уйга қайтиб, дарров қўлларини ювишга ошиқар, сўнгра ҳатто тузалган дастурхонга ҳам қарамай ўғлимизнинг ёнига келарди. «Онанг бироз дам олсин», дерди у ва юзида табассум билан кичкинтойни қўлига оларди. Кечалари мен билан бирга гўдакни парваришлаб, кўзига уйқу кирмасди...
Бир неча ойдан сўнг у «онанг бироз дам олсин» сўзлари билан енгини шимариб, кичкинтойга қошиқда овқат едирарди. Кейинроқ худди шу сўзларни айтар экан, менга бир муддат сокинлик ҳадя этиш ниятида бир ёшли ўғлимизни сайр қилдириш учун кийимларини кийдирарди.
Китоб ўқиб беришни сўраб хархаша қилаётган дилбандига «онанг бироз дам олсин», дерди у айёрона табассум билан ва бошқа хонага ўтиб, унга эртаклар ўқиб берарди. Яна кейинроқ эса «Онанг бироз дам олсин» дея пичирлаб, мактабга чиққан болажонимизга бармоғида санашни ва китобдаги ҳарфларни ўргатарди. Йиллар ўтиб эса худди шу сеҳрли сўзлар билан ўғлимизни битирув кечасидан кутиб олганди.
Мана шу оддий жумлаларни эшитиб, қалбимда меҳр ва ҳурмат туйғуси тобора ортиб борар, бахтдан кўзларимга ёш қалқарди. Ниҳоят вақт ўтиб, «она» сўзи «буви» билан алмашди.
«Бувинг бироз дам олсин», дерди у набирамизга бармоғини ёлғондакам ўқталиб. Кейин ота-онаси ишда экани учун бироз эркалик қилган миттивойни олиб, балиқ овига кетарди. Яна йиллар ўтиб, деярли гина билан шу жумлаларни келтирар ва планшетда мусиқани баланд қилиб қўйган шумтакага қулоқчинни узатарди.
У иккинчи набирамиз дунёга келишини кўришга улгурмади, вафот этди. Оила аъзоларим бўшаб қолган қалбимга бироз бўлса-да таскин бериш, қувонч улашиш учун доим кўнглимни олишга ҳаракат қилишди. Қиз набирамни қучоғимга олиб, ўксиб-ўксиб йиғладим. Яна ўша қадрдон овозда ёд бўлиб кетган сўзларни эшитадигандек умидландим. Ҳатто тентакона умид билан ён-атрофимга қарадим.
Бир неча кундан сўнг гўдакнинг хонасидан «Ухла, асалим, ухла, онанг бироз дам олсин» деган сўзларни эшитиб, хонага аста мўраладим. Ўғлим қизалоғининг ётоқчасини тебратиб, уни пичирлаб овутарди. Худди ўша – отасининг одатий жумлалари билан...
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
