Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Жаҳон тиллари университетида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-маёр Азиз Тошпўлатов бошчилигида тегишли идора масъуллари иштирокида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг 10 июнъ куни Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси, С.С. шу мактабнинг «Информатика» фани ўқитувчиси, С.Б.ни уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳолати муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида вояга етмаган ҳуқуқбузар ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўраб, бу каби ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб ўтишди. 62-сонли мактаб директори Х.Махкамова, болаларнинг синф раҳбари ва 20 нафар ўқитувчиларнинг содир этилган ҳолат юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланиб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида масъул раҳбарларга аниқ вазифа ҳамда топшириқлар берилди.
Бу каби нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида, барча туман ИИОФМБ бошлиқлари, ҳудудий халқ таълим бўлимлари ва тегишли мутасадди идора раҳбарлари билан ҳамкорликда, пойтахт ҳудудидаги 418 та мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилари ўртасида танқидий муҳокама йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилди.
Келгусида юқоридаги каби салбий ҳолатлар аниқланган тақдирда, ўрнатилган тартибда қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида мутасадди идора ва ташкилотларга топшириқлар берилди.
Сарвар СОБИРОВ,
«Постда» мухбири.
