Орамизда ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратиш, даромад олиш ўрнига бошқаларни гиёҳвандлик домига тортиб, моддий фойда кўришни кўзлайдиган кимсалар ҳам, афсуски, учраб туради. Яқинда ана шундай қилмиш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди. 

Тўдабоши Навбаҳор туманилик 54 ёшли М.Н аввал ҳам худди шу каби жиноятлар содир этгани сабаб уч маротаба судланиб, жазога тортилган эди. Инсонпарварлик тамойили асосида унга хатосини тузатишига имконият берилган бўлса-да, кечиримлиликнинг қадрига етмади. 

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, бу гал пробасия назоратида бўла туриб, Кармани туманида ҳамтовоқлари орқали 200 грамм миқдордаги заҳри қотилни бир нечта харидорга 10 млн сўмга пуллаётганида қўлга олинди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.