Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бўлиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, қонубузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, янги иш ўринлари яратиш, мутахассислар тайёрлаш, ижтимоий инфратузилмалар созлигини таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганди. Чунончи, Ички ишлар вазири Мирзачўл туманидаги 100 киши меҳнат қилаётган кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мирзачўл агропром” масъулияти чекланган жамияти, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штаби, Дўстлик туманининг Саноатчилар маҳалласида барпо этилаётган микромарказда бўлди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур марказда 40 миллиард сўм маблағ эвазига 152 та тадбиркорлик лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, вазир Дўстлик тумани Иибда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штабида ишчи гуруҳ ва мурожаатчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ Дўстлик тумандаги 1-сонли ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатишга ихтисослашган мини мономарказ, “Пахтакор голд техтиле” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ип-калава фабрикаси, ўтган йили фойдаланишга топширилган вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биноси, вилоят ИИБ тарихи музейида ҳам бўлди.

Бундан ташқари, вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасида ўқувчилар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, вояга етмаганлар билан ўз вақтида манзилли профилактик тадбирларни ўтказиш имконини берувчи “Э-вояга етмаган” дастури тақдимоти ўтказилиб, хушёрхоналарга олиб келинганларнинг электрон ҳисобини юритиш борасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Худди шу тартибда вилоят ИИБ, ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари, соҳавий хизматларининг 2022-йил ва жорий йилнинг ўтган давридаги фаолияти ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди. Қолаверса, вазирликнинг соҳавий хизматлари вакиллари билан ҳамкорликда тезкор қидирувлар, рейдлар, жиноятчиликка қарши тарғибот ва саховат тадбирлари ўтказилди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Постда” мухбири.

Жиззах вилояти.