Ҳар куни тонг отиши билан Навоий шаҳар кўчаларида яна бир хизмат автомобили ҳаракатга тушади. Бу Қўриқлаш хизмати машинаси. Улов рулида бу гал кичик сержант Султон Тошпўлатов, Қўриқлаш бошқармаси 2-сонли тезкор ҳаракатланувчи гуруҳнинг хайдовчиси. Унинг хизмат навбати бошланиши билан фуқаролар тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш вазифаси ҳам бошланади.

Султон Тошпўлатов 1993-йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган. Ёшлигиданоқ масъулият ва меҳнатга одатланган. Коллежни тугатгач, Ватан олдидаги бурчини адо этиш учун Қоровул қўшинларига қарашли 7534 ҳарбий хизматга йўл олди. Айнан шу жой уни орзулари ва мақсадларини бирлаштирди. Ҳаётида аниқ бир йўлни танлашга кўмаклашди, десак муболаға бўлмайди. Қатъий ҳарбийча интизомга одатланди. Вазифаларини ўз вақтида ва сифатли бажаришни бошлади. Мунтазам билим даражасини оширди, спорт билан шуғулланиб жисмоний имкониятларини кенгайтирди. Ҳарбий сафда орттирган интизоми ва жасорати унга кейинги ҳаётда ҳам ҳамроҳ бўлди.

Боиси, 2015-йилда у ички ишлар тизимида — Қўриқлаш хизматида. Бу хизмат кўпчиликка оддийдек туюлиши мумкин, аммо ҳар дақиқа масъулият ва ҳушёрликни талаб қилади. Чунки ҳар бир овоз сигнали, ҳар бир чақириқ — одамларнинг тинчлиги билан боғлиқ.

 Бугун ҳам у хизмат шериклари билан Навоий шаҳри кўчаларида қўриқловдаги объэктларидан хабар олиб юрган кезда, чақириқ олди. Баҳор маҳалласида муаммоли вазият пайдо бўлган эди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи ёш эр ва хотиларнинг оилавий муаммолари, низолари хотин-қизлар масалалари бўйича масъул опа иштирокида муҳокама этилаётган бир пайда, тушунтиришларга қарамай шу жойда жанжал чиқиб, жаҳлга берилган эркак ва унинг онаси аёлни ура кетади. Маҳалла масъули эса ташвиш тугмасини босиб қўзриқлаш ходимларини ёрдамга чақиради. 2-3 дақиқа ўтмай етиб келган Султон Тошпўлатов ва унинг шериклари тезда жанжални бартараф этиб, чора кўриш мақсадида эркакни шу яқин орадаги таянч пункитига олиб келишади. Маҳалланинг масъуллари яхшиям шу ташвиш тугмаси борлигини айтиб йигитларга раҳмат айтишди. 

- Биз доим ички ишлар тизимидаги бошқа соҳавий хизматлар ходимлари ва маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Кўпинча куч ишлатиш лозим бўлган жойларда бизнинг ишимиз. Ташвиш тугмаси босилдими демак кимгадир ёрдам кераклигини ҳис қиламиз. Тезкорлик билан иш кўриб тартиббузарларни қонун ҳукмига топширамиз,-дейди қаҳрамонимиз. 

Фидойи хизматлари эътироф этилган ҳолда, кичик сержант Султон Тошпўлатов 2025-йил 14-январ куни — Ватан ҳимоячилари байрамида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу нафақат унинг меҳнатларига берилган баҳо, балки кейинги хизматидаги шижоат ва масъулият ҳам. 

Маҳлиё ХОЛОВА

Ўз мухбиримиз,

Навоий вилояти.