Истиқлол тенгдоши бўлган Мадина Қарши шаҳрида туғилган. У мактабни тамомлаб, Шайхали маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида электрон ҳисоблаш маркази оператори йўналишида ўқиди.
Мадинанинг онаси истеъфодаги катта сержант Луиза Ҳусанова ИИВ жазони ижро этиш тизимида ишлаган. Отаси, истеъфодаги катта сержант Маҳмуд Турдиев эса ИИВ Қоровул қўшинлари таркибида 20 йилдан ортиқ хизмат қилиб пенсияга чиққан. Турмуш ўртоғи Бекзод Абдусаломов ҳам 2016-йилда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимиздаги 7531-ҳарбий қисмга шартнома асосида хизматга кирди. Ҳозир 7533-ҳарбий қисмда хизматни давом эттиряпти.
Яқинларига ҳавас қилган Мадина ҳам 2019-йилда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент шаҳридаги 7534-ҳарбий қисмга ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, 3-тоифали назоратчи сифатида хизматни бошлади. Устози, катта сержант Феруза Абдураҳмоновадан касб сирларини ўрганди. Ўтган қисқа вақт давомида у оила юмушларини ҳам, ҳарбий хизматни ҳам уддалаб, намунали ходима сифатида шаклланди.
– Ёшлигимда ота-онамнинг хизматдан қайтишини интизорлик билан кутардим, – дейди кичик сержант Мадина Файзиева. – Уларнинг эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётганидан фахрланардим. Ҳозирда менинг ҳам Ватан ҳимоячиси бўлиш тўғрисидаги орзуйим рўёбга чиқди.
Турмуш ўртоғи Бекзод Абдусаломовнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида ёш ходима икки нафар фарзандининг тарбиясида ҳам собитқадам. Бугунги кунда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7533-ҳарбий қисм 4-баталён 3-тоифали назоратчиси лавозимида хизмат қилаётган кичик сержант Мадина Файзиева зиммасидаги вазифани шараф билан адо этиб келмоқда.
Содиқ РАҲИМОВ,
ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
