... Бундан 8 йил муқаддам илк хизмат фаолиятини бошлаган Сурайё Абдуллаева ўтган йиллар давомида турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Айни пайтда Навоий шаҳар ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори сифатида иш олиб бораётган қаҳрамонимиз 2023-йилда ИИВ Академиясини сиртдан якунлашга ҳам улгурди. Лавҳамиз қаҳрамони ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, изланув­чанлиги туфайли сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонган. Айниқса, хизмат ҳудудида тарғибот ишлари, жиноят содир этишга мойил аёллар билан профилактик суҳбатлар олиб боришида педагоглиги қўл келмоқда.

«Ишонч» маҳалласида истиқомат қилаётган Акобир (исмлари ўзгартирилди) биринчи турмушидан ажрашгач, ота-онасининг қистови билан бухоролик Ёдгорага уйланди. Бир неча ой аҳил-иноқ ҳаёт кечиришди. Ёдгора турмушидан мамнун эди. Аммо кейин эри ичкиликка ружу қўйиб, кунда жанжал кўтарадиган одат чиқарди. Кунларнинг бирида Ёдгорани уйдан ҳайдаб солди.

Бундан хабар топган Сурайё Абдуллаева маҳалла фаоллари, ҳудудий профилактика инспектори билан маслаҳатла­шиб биринчи навбатда ҳимоя ордери расмийлаштиришга киришишди. Ёд­горанинг шу хонадонда яшашга қонунан ҳаққи борлигини эрига тушунтирди. Маҳалладаги кўпни кўрган кексалар эса йигитга ота-­онаси қариган чоғида уларнинг ҳаловатини бузмаслиги лозимлигини уқтиришди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бесамар кетмади. Оила сақлаб қолинди. Бунинг учун рўзғори бузилишини хоҳламаган Ёдгора катта лейтенант Сурайё Абдуллаевадан жуда миннатдор. 

– Аёлларимиз авваллари спорт билан шуғулланиш­га бироз уялишарди, бунинг устига махсус жойлар ва мураббийлар йўқ эди. Маҳалламизда Сурайёхоннинг ташаббуси билан бизлар учун соғломлаштириш-спорт машғулотлари ташкил этилгани айни муддао бўлди. Машғулотлар туфайли ҳам руҳан, ҳам жисмонан тетиклашяпмиз, – дейди Торобий маҳалласида истиқомат қилаётган 63 ёшли Дилбар Холова. 

Катта лейтенант Сурайё Абдуллаева уюшмаган, вақтинча ишсиз, жиноят содир этишга мойил, айниқса, жазони ижро этиш муассасасидан жазосини ўтаб келган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратяпти. Уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, иш билан таъминлаш борасида маҳалла ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. 

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.