Лазизбек Тўраевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) орзуси осмон. Ҳаммаси даромадли, кону фойда. Бироқ ана шу даромадли ишнинг таг замирини кўриб чиқсангиз, қинғирлигу қонунбузарлик ҳолатлари яққол сезилади. Мана, масалан, яқинда бир каттароқ “лойиҳа”ни амалга оширмоқчи бўлувди, ўхшамади. Аниқроғи, қонун ҳимоячилари унга қинғир ишнинг охири войлигини исботлаб беришди.

Гап шундаки, Л.Тўраев бир фуқарони алдаб, уни Ақшга юбориш учун ваколатли танишлари орқали виза олиб беришни ҳамда Мексика орқали Ақш ҳудудига киритиб қўйишни ваъда қилади. Албатта, қуруқдан-қуруққа эмас: эвазига 15000 Ақш доллари миқдорида пул маблағи сўрайди. Фуқаро ҳам ҳақ-ҳуқуқини биладиган ва айни пайтда юз бераётган шу каби “янгилик”лардан хабардор эди. У иккиланмасдан қонун ҳимоячиларига мурожаат этади.

Вилоят ИИБ, ДХХ ҳамда Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармалари ходимлари ҳамкорлигидаги тезкор тадбир давомида фуқаро Л.Тўраев “Бухоро” кинотеатри олдида жойлашган “Фарҳод” кафеси автотураргоҳида жабрланувчидан олдиндан тўлов сифатида 7500 Ақш долларини олган вақтида ушланди. Шундай қилиб, унга нисбатан Жкнинг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.