Ички ишлар органлари ходимлари бинонинг иккинчи қаватида жойлашган заргарлик дўконини эҳтиёткорлик билан кўздан кечиришмоқда. Хусусан, эксперт-криминалист эшик ва деразалар, панжаралар ҳамда қимматбаҳо буюмлар сақланадиган шиша қутилардан бармоқ излари нусхаларини олаётир. Жиноят қидирув бўлими ходимларидан бири теваракдаги кузатув камераларини кўздан кечиришга киришди, бошқаси эса кимдир ўғрини кўрган бўлишига умидланиб, гувоҳ қидиряпти.

7 миллион 500 минг сўмлик 4 жуфт олтин сирға, 10 миллион 500 минг сўмлик 35 жуфт кумуш зирак, 1 минг 800 АҚСН доллари, дея ёзилган қоғозга кўз югуртирган ходимлардан бири дўкон эгасидан ўпкаланди: “Кузатув камераси, сигнализасия ўрнатинглар, хабарлов тизимига уланинглар, деб неча марта айтдик, мана оқибати...”. Қисқаси, тунда кимдир дўкон эшиги панжарасини, сўнг алюминий профилли эшикни бузиб, тилла ва кумуш тақинчоқлар ҳамда хориж валюталарини олиб кетганди.  

Дастлабки хулоса шу бўлдики, эшик панжарасини бузган инсон жисмонан бақувват, темир ромнинг пайвандланган жойини кўчириб юборган. Шунингдек, у теваракдаги кузатув қурилмаларининг тасвирга олиш доирасига кирмаган. Демак, келишдан олдин воқеа жойини ўрганган ёки яқин атрофда яшайди. Бу ишни дўкондорнинг танишларидан бири қилган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ жабрланувчи ҳеч қандай шахсдан гумон қилмаслигини билдирмоқда. 

Ўз навбатида ички ишлар органлари ходимлари муқаддам ўғирлик қилганлар, дўкон эгасининг яқинлари, таниш-билишлари ва кунда-шундалар билан суҳбат ўтказишга киришдилар. Жиноятни очишга уринишлар ҳали анча давом этиши мумкин эди. Аммо кутилмаганда дўкон эгаси қўнғироқ қилиб, бир қиз кумуш сирға сотиб олишни таклиф қилгани, ўша тақинчоқ унинг дўконидан ўғирланган бўлиши эҳтимолини билдирди... 

Жиззах вилоятининг Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳарчаси унча катта бўлмагани учун бу ерда яшовчилар бир-бирларини яхши танийдилар. Шу боис ички ишлар органлари ходимлари кўп ўтмай қизни топишди. Аниқроғи, кумуш сирғани 240 минг сўмга сотиб олган шахс қизнинг кимлигини биларди. 

Суҳбат давомида қиз сирғани таниш йигит совға қилгани, тақинчоқ тўғрисида ота-онасига изоҳ беришдан қочиб, сотиб юборганлигини маълум қилди. Орадан яна озроқ вақт ўтгач, гумонланувчи қўлга олинди. Шахсий тинтувдан ўтказилганида унинг ёнидан 12 жуфт кумуш сирға топилди.

— Мазкур жиноят Ўсмат шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи С.Х. ҳамда Д.П. томонидан содир этилгани аниқланди, — дейди Бахмал тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси, катта лейтенант Фаррух Йўлдошев. — Ўрта умумтаълим мактабининг 11- синфида таълим оладиган ушбу ёшлардан бирининг ота-онаси хорижда ишлайди, бола қариндошлари қўлида улғаяётгани учунми, тарбиясида камчиликлар бор, ўжар, муштлашишга мойил. Бошқасининг отаси тадбиркор, унинг моддий таъминланишида камчилик бўлмаган. Шунга қарамасдан хулқида оғиш бор, ота-онасига бўйсунмай, кечалари санғиган. Жиноят содир бўлгани куни ҳам икковлари ароқ ичишган, маст ҳолда режа тузганлар. Из қолдирмаслик учун тунги соат 00.30.да ниқоб ва қўлқопда ўғирлик қилишган. Эшик панжарасини икковлашиб бузганлар. Хуллас, ўсмирларнинг жазо олишлари тайин, айни вақтда суд ҳукмини кутишяпти. Ғўрликлари ва ота-оналарининг кафиллиги сабаб гумонланувчилар озодликда. 

Сезганингиздек, жиноят кутилганидан осон очилган, аммо бу билан иш тугамайди, жумладан ўсмирларнинг одоб-ахлоқини ўнглаш қаратилган мураккаб жараён бошланади. Энди уларнинг тарбияси билан нафақат яқинлари ва ўқитувчилари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ёшлар ишлари агентлиги каби бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам шуғулланадилар. Демоқчи бўлганимиз, ҳаммаси ўнгланиб кетишига, ёшликнинг кучи ва шижоатидан эгри мақсадда фойдаланганлар яна тўғри йўлга қайтишига умид бор... 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“ПОСТДА” мухбири

Жиззах вилояти.