Ўзига яраша ошна-оғайни, таниш-билиш орттирган Сотиболди тенгқурлари билан турли йиғинларда кўп юрадиган одат чиқарди. Бундай юриш учун ҳам чўнтак тўла бўлиш керак, албатта. У бошқа ўртоқлари каби ўқишга киролмагач ҳалол меҳнат қилишни истамай, енгил ва осон пул топиш йўлларини излай бошлади. Бир таниши уни ана шундай иш билан таъминлайдиган дўсти Алимардонни тавсия қилди. Сотиболди Алимардон билан танишгач, ундан гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан шуғулланса, ўйлаганидан тезроқ ва кўпроқ пул топиши мумкинлигини фаҳмлаб қолди. Келишувга кўра, у Алимардон берган «заҳри қотил»ни сотиш учун мижозларни излаб топиши керак эди.
Аввалига иш осон ва силлиқ кечди. Секин-аста Сотиболди олди-сотдининг «антиқа» усулларини ўзлаштира бошлади. Чўнтагига пул киргач, унинг ўзига ишончи ортар, қилаётган ноқонуний иши ҳеч қачон ошкор бўлмайди, деган хаёл билан хотиржам юрарди.
Сотиболди ўзидан кичик Муродни жиноий қилмишига ҳам шерик қилиб олди. Бироқ, кўза синадиган кун келди...
Бир куни Сотиболди кечки вақтда Термиз шаҳридаги «Тупроққўрғон» маҳалласи ҳудудидаги «Муз саройи» олдида мижоз сифатида ўзини танитган Жасур билан учрашди ва унга 400 минг сўм эвазига икки грамм гашиш моддасини пулламоқчи бўлди. Бироқ Сотиболдининг изига тушган вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходимлари Сотиболдини ноқонуний ҳаракатига чек қўйишди.
Тезкор суриштирув давомида Сотиболди «заҳри қотил»ни Алимардон исмли шахсдан олганини маълум қилди. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Байналмилал» маҳалласида яшовчи Алимардонни ҳам қўлга олишди. Унинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, онаси ўғлидан олган пулларни ихтиёрий равишда ҳуқуқ-тартибот органларига топширди. Ўтказилган тинтув жараёнида ошхонадаги кийимидан 13,96 грамм, уй эшиги остонасида турган поябзалидан эса 1 грамм гашишга ўхшаш моддалар топилди. «Топилмалар» холислар иштирокида расмийлаштирилди.
Инсон ҳаётида гоҳо ножўя қўйилган бир қадам ҳам бутун тақдирни издан чиқариши мумкин. Сотиболдининг қиссаси бунга ёрқин мисол. Унинг ёшлик шавқи ва енгил пулга интилиши нафақат ота-онаси орзуларини, балки ўзининг келажагини ҳам парчалади.
Гиёҳвандлик – бу нафақат жисмни, балки қалб ва бутун умрни заҳарлайдиган иллат. Гиёҳфурушлик эса бу иллатни урчитади. Осон йўл ва жиноий йўл билан топилган ҳаром пул кишини охири ҳалокатга етаклайди. «Нон меҳнат билан топилса, ширин бўлади» — дейди доно халқимиз.
Феруза Раҳмонқулова,
ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
