Яқинда соат 23:00ларда тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ЖЦБ патрул-пост хизмати баталъони ходимлари, сафдорлар Носир Очилов ва Шаҳзод Саидов хизмат ҳудуди ҳисобланган Бухоро шаҳар Амир Темур кўчасида жойлашган “Мега маркет” савдо маркази атрофини кўздан кечираётганда кутилмаган топилмага дуч келишди. Улар ҳамён топиб олишди. Ҳамённи очиб қарашса, унинг ичида 2800 Ақш доллари ва 73 минг сўм пул бор экан.

Ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашган ходимларнинг саъй-ҳаракати билан ушбу пулларни тушириб қолдирган фуқаро тезда аниқланиб, пуллар эгасига қайтарилди. Пулларнинг эгаси вобкентлик М.У. оиласи билан савдо марказига харид қилиш мақсадида келган вақтида турмуш ўртоғи эҳтиёцизлик оқибатида ҳамённи тушириб қолдирган экан.

– Иккала ходимимиз ҳам ўз вазифасига виждонан ёндашадиган серғайрат ва шижоатли йигитлар, – дейди баталъон командирининг ўринбосари, маёр Феруз Хайриев. – Жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда уларнинг хизмати катта. Ҳамкасблари билан доимо хушмуомала муносабатда бўлишади. Қисқаси, фидойи хизматлари билан барча сафдошларига намуна бўлмоқда.

Сафдор Ш.Саидов 1993-йили Қоракўл туманида, сафдор Н.Очилов эса 1994-йили Олот туманида туғилган. Иккиси ҳам спортнинг кураш ва қўл жанги турлари билан шуғулланиб келади. Вилоят миқёсида ўтказиб келинаётган мусобақаларда доим совриндорлар қаторида бўлишади. Жорий йилда ҳам вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўртасида ўтказилган қўл жанги ва кураш мусобақаларида биринчи ўринларни эгаллашди.

Осойишталик посбонлари ҳозирги хизмат жараёни билан чекланиб қолмай, яна ўқиб-ўрганишни, олий маълумотли бўлишни мақсад қилишган. Шаҳзоджон айни пайтда Ирригасия институтининг сиртқи йўналишида 3-босқич талабаси бўлса, Носиржон шу йили ИИВ Академиясининг сиртқи таълим йўналишига ўқишга кирди...

Қисқаси, юртимизнинг ана шундай шижоатли ва жасур посбонлар бор экан, халқимиз осойишталигига ҳеч нарса раҳна сола олмайди.

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.