Навоий шаҳридаги 18-сонли мактабда спорт тадбири ташкиллаштирилди. “Отам-онам ва мен спортчи” шиори остида ўтказилган ушбу мусобақага мактабнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда тарбияланаётган ўқувчилари жалб этилди. Тадбир қувноқ эстафета кўринишида ўтказилиб, унда ўқувчилар ўзининг ота-онаси билан бирга иштирок этди.
Шунингдек, тадбирга низоли оилаларнинг фарзандлари, ҳуқуқбузарлик ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил бўлган ўқувчилар ҳам таклиф этилди. Улар учун бу тадбир оилавий муносабатларни мустаҳкамлашда, ота-оналари билан яқин муносабатда бўлишларида, оила жипс бўлса, юқори натижаларга эришиш мумкинлигини англашда муҳим аҳамият касб этди.
Бундай спорт мусобақаларининг ташкил этилиши келгусида соғлом турмуш тарзини кенг ёйишга ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Тадбир якунида Навоий шаҳар ИИБ бошлиғи, маёр Равшан Шерназаров мусобақа иштирокчиларига диплом ва эсдалик совғаларини топширди. Ота-оналар фарзандларига яратилаётган бу каби имкониятлардан мамнун эканлигини айтишди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
