– Раҳматли отам ишига масъулиятли, касбига меҳр қўйган, бурчига содиқ инсон эди. Ота касбини давом эттириш укам ва менга насиб қилди. Укам, катта лейтенант Зарифжон Бекбўтаев ҳозирда ЖИЭД тизимида хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан шундай юксак эътирофга лойиқ кўрилганимдан бошим осмонга етди. Қанийди, бу кунларни отам кўрганида... Ишонаман, бугун уларнинг руҳлари шод. Мукофотга муносиб бўлишга, янада шижоат ва садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман, – дейди подполковник Ўткир Наржигитов.

Лавҳамиз қаҳрамони 2010-йилда ИИВ Академияси­ни тамомлагач, Чиноз туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида салкам 7 йил хизмат қилди. Илк устози, марҳум капитан Ҳусанбой Мирзаев унинг ҳар томонлама етук кадр бўлишида ўз меҳнатларини аямаган. 

2017-йилдан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмасида катта суриштирувчи, 2020-йилдан катта терговчи бўлиб хизмат қилди. У айнан тергов йўнали­шида тажриба орттирди. Касбидан том маънода қадр топди. Бу мукофот йиллар давомида қилган меҳнатларининг меваси бўлди.

Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмасига катта терговчи бўлиб ўтганига эндигина бир ойча бўлган подполковник Ўткир Наржигитов турмуш ўртоғи Малоҳат Наржигитова билан биргаликда бир нафар ўғилни тарбиялаб вояга етказмоқда. Ҳозирда ўғли Ҳумоюн Чиноздаги ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олмоқда. У ҳам ота касбини давом эттириш ниятида.

Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.