Янгиер шаҳар ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бўлими ходими, лейтенант Умрзоқ Ибрагимов бу соҳада хизмат қилаётганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.
– Қалби фосиқ, нафси бузуқ, ўз манфаатидан бошқа ҳеч нарсани кўрмайдиган одамлар билан юзлашганда, ҳар гал дилим оғрийди. Лекин уларнинг қилмишлари далиллар билан фош қилинганида, айниқса, жабрланувчиларнинг миннатдорликдан «Ота-онангизга минг раҳмат!» деган гапларини эшитганимда, қалбимда мамнунлик ҳисси пайдо бўлади. Шундай кезларда шу касбни танлаганимдан кўнглим ғурурга тўлади, – дейди қаҳрамонимиз.
У. Ибрагимов устозларининг «Бу касбни танладингми, қишнинг совуғи-ю ёзнинг иссиғига чидашинг керак. Фирибгарлар ҳийла-ю найрангини билиш учун психолог, ашаддий жиноятчини курашда енгишинг учун спортчи бўлишинг лозим. Хуллас, шуларни эпласанг бу соҳада ишлай оласан» деганларини бир зум унутмайди. Қийналган кезлари оддий тракторчи бўлган отасининг кун-у тун меҳнат қилиб, ҳалол едириб-ичиргани, бировдан кам қилмай ўқитиб-ўстиргани, онаси Гулсара опанинг ҳам ўқувчиларга, ҳам фарзандларига таълим-тарбия берганини эслайди. Бўш вақт топди, дегунча китоб варақлайди, ўқиб-ўрганади, изланади.
Токи юртимиз тинч бўлса, оилалар хотиржам яшаса, фарзандлар ўйнаб-кулса, талабалар илм олса ва бундай тотли ҳаёт учун Умрзоқдек йигитларимиз ҳалол ва фидойилик билан хизмат қилса, бундай сермазмун ҳаётга не ецин. Сизлар борки, элимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Борингизга шукур.
Нодира ДЎСТМАТОВА.
Сирдарё вилояти.
