Лавҳамиз қаҳрамони илк хизмат фаолиятини 1978-йилда Нурота туманида вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида милиционер лавозимидан бошлаган эди. Меҳнацевар, қийинчиликдан чўчимайдиган ёш йигит қисқа вақт ичида ҳамкасблари орасида ўз ўрнини топди.
У 1982-йилда патрул-пост бўлинмаси командири, бир йилдан сўнг участка инспектори вазифасида, 1985-йилдан туман ИИБ Навбатчилик қисмида, 1987-йилдан эса Тергов бўлимида самарали хизмат қилди. Бу даврда кўплаб жиноятларни очиш, қонунбузарларни қонун ҳукмига топширишга муваффақ бўлди.
1998-йилдан эътиборан салкам 10 йил давомида Нурота тумани ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, иззат-икром билан пенсияга кузатилди. У ўзи кўз юмиб очгунча ўтган қисқа фурсат, дея таърифлаган бу йиллар мобайнида муносиб шогирдлар етиштиришга улгурди.
Айни пайтда унинг ишини ўғиллари – подполковник Акбар Азимов жазони ижро этиш тизимида, маёр Аваз Азимов эса Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмда давом эттиряпти.
– Ўтган умримга ачинмайман. Фаолиятим давомида шахсий манфаатимни давлат, халқ манфаатидан устун қўймадим. Касбим ортидан ҳалол топганим билан рўзғор тебратдим. Фарзандларим ҳам шу кунларни кўриб катта бўлди, ўрнак олди. Баъзи танишларим: «Акмал ака, шунча йил ички ишлар органида хизмат қилиб ҳеч қандай бойлик орттирмадингиз-а?!» деб қолишади. Мен бундайларга аҳамият бермайман. Асосийси, маҳалла-кўй, қариндош-уруғларим, яқинларим орасида ўзимга яраша ўрним, обрўйим бор, – дейди истеъфодаги маёр А. Азимов.
Акмал Азимов 2007-йилда пенсияга чиққач, Нурота туманидаги «Истиқлол қоракўл наслчилик» масъулияти чекланган жамиятида юрисконсулт лавозимида фаолият олиб борди. Корхона ҳужжатларини қонунга мувофиқлаштириш, хўжаликлар билан тузилган шартномаларни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаш каби масъулиятли ишларни амалга оширди.
Айни пайтда кексалик гаштини суряпти. Томорқасида турли сабзавотлар ва мевалар етиштиради. У 6 нафар фарзанд учун жонкуяр ота, 15 нафар набиранинг севимли бобожони.
Акмал Азимов ўзи истиқомат қилаётган «Бўдиқ» маҳалласи фаолларидан. Маҳалладаги барча тадбирларни ташкил этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бундан ташқари, маҳалладаги ёш оилалар вакилларига турмуш, фарзанд тарбияси борасидаги ҳаётий тажрибаларидан сўзлаб беради, йўл-йўриқ кўрсатишдан эринмайди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
