Маҳалла аҳолиси 4824 нафар, 560 та хонадон, 2 та кўп қаватли уй мавжуд. Лавҳамиз қаҳрамони жорий йил бошидан буён бугунги кунга қадар маҳаллада истиқомат қилувчи 1 нафар оилавий жанжалкаш, 7 нафар ичкиликбозликка ружу қўйган шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказди. Шу­нингдек, 20 нафар муқад­дам судланган, 30 нафар ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган шахс билан мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Маҳалла еттилигининг бошқа аъзолари билан бирга хонадонма-хонадон юриб, ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ҳуқуқбузарликдан жабрла­ниш эҳтимоли юқори бўлган шахсларни аниқлаб, ижтимоий профилактика йўналишида хулосалар киритиб келмоқда. 

Яқинда Адҳам Абдуқаҳ­ҳоровга шу маҳаллада истиқомат қилувчи И.Ж. мурожаат қилди. У ўз мурожаатида Андижон шаҳрида яшовчи Р.А. унинг ишончига кириб, 39 700 АҚШ долларини ўзлаштириб олганлигини баён қилиб, ушбу пулларни унди­ришда ёрдам сўрайди. Инспектор андижонлик Р.А. билан гаплашганида, у ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларни тергов бўлимига чиқармаслик эвазига капитан Адҳам Абдуқаҳҳоровга 300 доллар пора таклиф этади. Албатта, инспектор Р.А.нинг жиноятга етакловчи бу қалтис таклифини рад этади. Пора бериш жиноят эканлигини унга ётиғи билан тушунтиради. Бундай хатти-ҳаракат учун Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиради. Лекин Р.А. қайта-қайта пора таклиф қилаверади.

— Агар эътибор берсангиз, қинғир ишга мойил, ғараз ниятли одам бошқаларни ҳам ўзига ўхшатади: ҳаммани пул бериб, ўз йўриғига юргизса бўлади, деган хомхаёлда юради, — дейди капитан Адҳам Абдуқаҳҳоров. — Бундай фуқароларга нисбатан қо­нуний чора кўриш энг тўғри йўл деб ҳисоблайман. 

ИИВ шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.А. профилактика катта инспектори Адҳам Абдуқаҳҳоровга 300 АҚШ долларини пора сифатида бераётган вақтда қўлга олинади. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Фуқаро Р.А.нинг пора бериб, иш битиришга уриниши яхшиликка олиб бормади. Энди у мазкур жиноятнинг аччиқ таъмини татиб кўришга мажбур бўлди...

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.