Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида пилла хомашёсининг талон-торож қилиниши билан боғлиқ бир нечта ҳолат фош этилди. Жумладан, Жондор туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаронинг автомашинаси тўхтатиб текширилганда, 200 килограмм пилла хомашёси борлиги аниқланди. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида у пилла хомашёсини туманнинг “Жамият” маҳалласида яшовчи Ҳ. исмли аёлдан ҳар бир килосини 50 минг сўмдан сотиб олганлиги маълум бўлди.
Когон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинаси тўхтатиб текширилганда, юкхонасидан 295 килограмм пилла хомашёси чиқди. Шунингдек, Шофиркон туманида ўтказилган тадбирлардан бирида “Жўйнав” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқарога тегишли “Лабо” русумли автомашинада 532 килограмм пилла хомашёси борлиги аниқланди. Қонун ҳимоячиларининг тезкор суриштирув ишлари натижасида фуқаро пилла хомашёсини Вобкент туманида сотиш мақсадида олиб бораётганини тан олди. Бундан ташқари, вилоят ИИБ ходимлари томонидан Қоровулбозор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ғиждувон туманида яшовчи фуқарога тегишли бўлган “Форд” русумли автомашина тўхтатиб текширилганда, автомашина юкхонасида 800 килограмм, Когон туманида ўтказилган тадбирда эса яна бир “Форд” русумли автомашинада 950 килограмм пилла хомашёси борлиги аниқланди.
Мазкур тадбирлар жараёнида ҳужжатлаштириб олинган пилла хомашёси тегишли жойга топширилиб, қонунбузарларга нисбатан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир ҳолат бўйича ҳуқуқий баҳо берилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
