Ички ишлар ходими бўлиш орзуси қаҳрамонимизда 1987–1989-йилларда Узоқ Шарқда ҳарбий хизматни ўтаган пайтларида пайдо бўлган эди. Йигитлик бурчини ўташ давомида сержант унвонини олган ўғлон йўлланма асосида Тошкент Автомобил ва йўллар институтига ўқишга кирди. Таҳсил баробарида пойтахт Ички ишлар бошқармасида амалиёт ўтади. Институтнинг ҳарбий кафедрасида таҳсил олиб, «захирадаги лейтенант» унвонини олди. Олийгоҳни тамомлагач, икки йил мобайнида Жиззах шаҳридаги 10-сонли автокорхонада муҳандис бўлиб ишлади. Аммо осойишталик посбони бўлиш орзуси ҳали гуриллаб турарди. Шу боис 1996-йилнинг март ойида ички ишлар органларига қабул қилиниб, март-июн ойларида Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги ўқув маркази тингловчиси бўлди. 

Мана, 30 йилдирки, у Жиззах вилояти ички ишлар органларида намунали хизмат кўрсатиб келмоқда. 

– Ўтган йиллар мобайнида бир қатор лавозимларда хизмат қилдим, – дейди подполковник Бахтиёр Эгамбердиев. – Вилоят бўйича барча тезкор маълумотларни қабул қилиш, воқеа жойига тезкор гуруҳлар етиб боришини таъминлаш каби шошилинч вазифаларни бажариш чоғида ҳар сониянинг қийматини ҳис қиламан. Хизмат вазифам нақадар залворли, муҳим эканидан ғурурланаман. 

Устозлар панд-насиҳатларини, вазифа йўриқномасини пухта ўзлаштирган подполковник бугун ўзи ҳам устоз. Олтмиш ёш остонасига қадам қўяр экан, соҳага кириб келаётган ёш ходимларга бой тажрибаси, соҳа сирларини ўргатишни қизғанмайди. Ҳалол хизмат, фидойи меҳнат бесамар қолмаслигини таъкидлайди.

... Бугун ҳам дам олишдан сўнг яна навбатчилик куни. Хизмат либосини кийиб, иш сари йўлга отланар экан, навбатчиликнинг тинч ўтишини – юртнинг осойишта, хавфсиз бўлишини тилаб дастурхонга дуо қилди...  

Муқаддас САПАРОВА. 

Жиззах вилояти.