Кун қаҳрамони
Подполковник Зуҳрахон Маҳкамова 1969 йилда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. У 1994 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлади. Соҳадаги фаолиятини 1999 йилда Жиззах вилояти ИИБ Жиноятларнинг олдини олиш бошқармаси вояга етмаганларни қабул қилиш ва тақсимлаш бўлинмаси режим бўйича навбатчиси лавозимида бошлаган. 2001 йилдан буён Жиззах вилояти ИИБ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси тизимида фаолият олиб бормоқда. Айни вақтда Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖЦБ ташкилий ва ахборот-таҳлил гуруҳининг муҳим топшириқлар бўйича инспектори.
Подполковник Зуҳрахон Маҳкамова ташкилотчи, масъулиятли, зиммасидаги вазифани виждонан бажарадиган намунали ходим сифатида шахсий таркиб ўртасида катта ҳурматга эга. Жумладан, у вилоят ИИБ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг 2020 ва 2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг пухта ишлаб чиқилишига катта ҳисса қўшди. Натижада жиноятлар ошган ҳудудларга ППХ хизматларини жалб этиш, оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, конвой тадбирларини амалга ошириш, назорат-лицензия, карантинга оид тадбирларининг самарали ташкил этилишига эришилмоқда.
Шу билан бирга, ходимларни танлаш, жой-жойига қўйиш, шахсий таркибнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий-маърифий билимини ошириш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида ҳам фаоллик кўрсатаётир. Подполковник Зуҳрахон Маҳкамова шахсий таркибнинг жамоат тартибини сақлашга қаратилган фаолиятини мунтазам таҳлил қилиб боради ва бу жараёнда кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдиради.
Зуҳрахон Маҳкамованинг ташкилотчилик ва бошқарув соҳасидаги саъй-ҳаракати бошқарма фаолияти самарадоролигига ижобий таъсир ўтказмоқда. 2019 йилга нисбатан 2020 йилда вилоятдаги жамоат жойларида содир этилган жиноятлар сони 6 тага камайган. Енгил тан жароҳати етказиш 36,3 фоизга, безорилик жинояти 15,7 фоизга қисқарган. Худди шундай, жамоат жойларида қотиллик, босқинчилик жиноятлари рўй бермаган.
Подполковник ички ишлар органларида 22 йилдан буён хизмат қилмоқда. У тўплаган кўп йиллик амалий тажрибасини ва касб маҳоратини ёш ходимларга мунтазам ўргатиб келаяпти. Зуҳрахон Маҳкамова Жиззах вилояти ИИБ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг энг ибратли ходимларидан биридир.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
