Вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг муҳим топшириқлар бўйича инспектори, маёр Умидбек Юсупов фуқароликни тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ бўлган ноқонуний ҳолатларни фош қилишга муваффақ бўлди. Дастлабки суриштирувлар давомида қўшкўпирлик М. Салима (исм-шарифи ўзгартирилди) 2022-йилдан буён қалбаки ИД-карта ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Россия Федерацияси ҳудудига чиқиб келганлиги аниқланди.
Қилмиши ошкор бўлганидан саросимага тушган Салима жазодан қутулиб қолиш мақсадида маёр Умидбек Юсуповга учрашиб, мазкур ҳолатни «бости-бости қилиш» эвазига 300 Ақш доллари беришини айтди. Инспектор унга пора бериш жиноят эканлигини батафсил тушунтирди. Аммо Салима «ҳар қандай ишни ҳал қилиш мумкин», дея инспекторни пора олишга ундашда давом этди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қонунбузар аёл маёр Умидбек Юсуповга 300 Ақш долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Суриштирувлар давомида кўплаб фуқароларга ҳеч қандай асосли ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда шахсига оид маълумотларини ўзгартириб, фуқаролик паспортларини расмийлаштириб бериш билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг қилмиши ҳам фош этилди.
– Баъзи фуқаролар ўзларининг жиноий қилмишини яшириш ёки пинҳона режаларини амалга ошириш мақсадида мансабдор шахсларга пора таклиф қилишга уриниб кўришади, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бу каби нохуш ҳолатлар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳамон учраяпти. Бундай нопок кимсаларнинг қабиҳ ниятлари қасамёдига содиқ ходимларимиз томонидан ўз вақтида фош этилиб, қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
