Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабар беришича, Қўқон шаҳридаги автомактаблардан бирининг раҳбари ўқимаган фуқарога “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини 900 АҚШ доллари эвазига олиб бермоқчи бўлган.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 22 июл куни Бағдод туманида яшовчи фуқаро Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Қўқон шаҳридаги автомактаблардан бирининг раҳбари “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан туриб, қисқа муддатда, имтиҳонларсиз олиб беришини айтиб, 900 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини маълум қилади.

Шу куни ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Риштон тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, автомактаб раҳбари Ш.И. аризачидан талаб қилинган 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.