Маълумки, Президентимизнинг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига асосан республикамизнинг барча ҳарбий-академик лисейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилган эди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лисейида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди. Ўқув биноси сари одимларканмиз, бўсағада бизни мактаб директори Рустам Қосимов кутиб олди ва таълим муассасаси билан батафсил таништириб чиқди. 

Ўқув хоналари ҳамда ахборот-ресурс марказини кўздан кечирарканмиз, ҳар бири керакли жиҳозлар, кўргазмали қуроллар, услубий-методик ўқув қўлланмалари билан жиҳозланганининг гувоҳи бўлдик. Мазкур ҳарбий-академик лисейда ўқувчилар тажрибали устозлари кўмагида фанга доир барча илмларни пухта эгаллашмоқда.

— Таълим муассасамизда биринчи босқичданоқ ўқувчиларга нишонга аниқ отиш, саф тайёргарлиги бўйича бошланғич билим ва кўникмалар берилади, – дейди биз билан суҳбатда бошланғич тайёргарлик фани катта ўқитувчиси Аъзамжон Ахмеджанов. – Ўқиш давомида бу назарий билимлар ҳамда амалий кўникмалар янада чуқурлаштирилиб борилади. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур жанг санъати, услублари ўқувчиларимизга етарлича билим берилмоқда. Уларнинг ўқиб-ўрганишлари учун ҳам дарсликлар, қўлланмалар мавжуд. Улар ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғулланишади. 

Лисей олдидаги саф майдонида ҳарбий либослари ўзларига ярашиб турган ўсмирлар устозларидан саф машқларини ўрганишмоқда. Спорт мажмуасида эса бир томонда жисмоний тарбия ўқитувчиси ўқувчиларга спортнинг қўл жанги тури бўйича машқ бажартирмоқда, бир томонда футбол ўйини давом этмоқда. 

– Мен болалигимдан тоғаларим сингари Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилганман, — дейди бухоролик 1-босқич ўқувчиси Рамазон Каримов. – Шу сабабли «Темурбеклар мактаби»га ўқишга кирдим. Келажакда Жамоат хавфсизлиги университетига ўқишга кирмоқчиман. Мақсадим – юртимизнинг ўғлонлари сингари Ватанимизни ҳимоя қилиш.

Шу тариқа «Темурбеклар мактаби»га уюштирилган пресс-тур ўз ниҳоясига етди. Мактаб раҳбарияти ва ўқувчилари билан хайрлашар эканмиз, хаёлимдан ушбу даргоҳда таҳсил олаётганлар келажакда Ватанимизнинг асл посбонлари бўлиб етишади, деган фикр ўтди.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.