Ҳалолликни шиор қилган ходимлар
Дўстлик туманидаги Пахтазор йўлининг 1-километрида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ баталёни учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патрул хизмати инспектори, сафдор Азамат Маматов юқори тезликда келаётган «Нехиа-3» автомашинасига тўхташ ишорасини кўрсатди. Ҳайдовчининг автоулов ҳаракатини кескин секинлаштиргани ходимни сергак торттирганди.
ЙПХ инспектори яқинлашганда, ҳайдовчи кўзини олиб қочди, унинг хотиржам эмаслиги автоулов юритгичини ўчиришга уринаётган қўл ҳаракатларидан сезилиб турарди. Мулоқот чоғида сафдор суҳбатдошининг кўз қорачиқлари кенгайганлигини пайқади.
Булар ҳаммаси ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлигига ишора қиларди. Шу боис қонун ҳимоячиси Арнасой туманининг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Б.Т.ни «Алкостоп 8000 С»да текширувдан ўтказди. Қурилма ҳайдовчининг спиртли ичимлик таъсирида эканлигини кўрсатди.
Ходим ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига қўйиш чораларини кўра бошлади. Кутилмаганда ҳайдовчидан пиёдага айланиб қолаётгани Б.Т.ни чўчитиб юбордими, инспекторга 1 миллион сўм ҳамда 400 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди. Бунинг эвазига сафдор баённомани йўқ қилиши ҳамда автомашинани жарима майдончасига қўймаслиги керак эди.
Инспектор Б.Т.нинг мазкур хатти-ҳаракати қонунга зид эканлигини тушунтирди. Ҳайдовчи эса: «Эркакчиликда ҳамма нарса бўлиши мумкин», – дея фалсафа тўқиб, пора тиқиштиришда давом этди. Гумонланувчи ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи 1 миллион сўм ҳамда 400 АҚШ долларини сафдор Азамат Маматовга пора тариқасида бераётганида қўлга олинди. Қисқаси, пул ҳамма эшикларни очишига ишонган Б.Т.нинг жиноий жавобгарликка тортилиши нақд бўлиб турибди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
