«Қарз муносабатни бузади», «Қарз баракани учиради» деган гаплар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Афсуски, ҳаётда қарз берганлар ўз пулини вақтида ёки умуман қайтариб ололмаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Салим аканинг қизи университетга шартнома асосида ўқишга кирди. Хотини билан йиғиб қўйган пулини шартнома учун тўлашга қарор қилишди. Аммо тоғаси янги машинага тўлов қилишга пича пули етмаётганини айтиб қолди. «Озроқ ёрдам қилиб турсангизлар, қарзимни бир ойдан сўнг узаман», – деди.
Нима қилишни билмай эр-хотиннинг боши қотди. Фарзандининг контрактини тўлашга бироз вақт борлигини инобатга олиб, бир ой муддатга пулларни тоғасига бериб юборди. Аммо айтилган муддат келса ҳам, пулдан дарак йўқ эди. Тоғасига қўнғироқ қилса, ишлари юришмай қолганини баҳона қилиб, ортга сураверди. Шундан сўнг Салим аканинг уйида можаро бошланди. Оқибатда тоға-жияннинг орасидаги муносабат бузилди...
Аваз қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Эр-хотин маслаҳатлашиб, тижоратчи қўшнисидан жарроҳлик амалиёти учун қарз кўтаришди. Орадан бир неча ой ўтиб, Аваз соғлиғини тиклаб олди. Фақат қарзни ваъда қилган муддатидан анча кечикиб тўлади. Қўшниси бу вақт ичида пулларини айлантириб, фалон сўм фойда олган бўлишини айтиб, зарарни қоплашини талаб қилди. Аваз бир амаллаб айтилган пулни тўлади. Лекин шундан сўнг қўшничилик ришталарини узди...
Муқаддас динимизга кўра, садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Чунки садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтожга ҳам, муҳтож бўлмаган одамга ҳам берилаверади. Аммо қарзни фақат муҳтож кишигина сўрайди.
Фақат қарз олди-бердисининг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Қонунчиликда қарз олди-бердисини расмийлаштириш шарт қилиб қўйилган. Аммо ўртадаги ишонч, истиҳола туфайли ҳамюртларимиз кўпинча бу тартиб-қоидаларга риоя қилмайдилар. Баъзан бунинг учун нотариал идорага боришга эринадилар. Кейин эса айрим қарз берганлар афсус чекиб юрадилар. Бизнингча, қарз муносабатлари ўртадаги оқибатга путур етказмаслиги учун барча фуқаролар қонун доирасида иш тутган маъқулроқ. Адолат билан қилинган тадбир доимо хайрли бўлади.
Ҳа, ҳаётда бунақа ҳолатлар учраб туради. Қарзни олишга олиб, қайтаришга келганда бундан тониб: «Гувоҳинг ёки ҳужжатинг борми?» дейдиган қариндошлар ёки қудалар ҳам йўқ эмас. Натижада қариндошлик ришталари узиляпти, ёш оилалар бузиляпти. Ҳатто қарзини сўраётганлар устидан «Мендан пул тама қиляпти» деб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат этаётганлар ҳам бор. Натижада айрим қарз берувчилар ўзининг пулини олаётиб, айбсиз айбдор бўлиб қоляпти.
Мулоҳазамиз билан танишиб: «Қарз олди-бердиси муносабатни бузар экан» деган хулосага келманг. Биз бундай фикрдан йироқмиз. Чунки моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолган одамнинг ҳожатини чиқаришга нима ецин. Фақат буни тилхат олиб, қарз шартномаси тузиб, гувоҳлар иштирокида ёки нотариал идора орқали, хуллас, қонуний тарзда амалга оширган маъқул. Шунда қўл билан бериб, оларда оёқ билан югурмайсиз. Қолаверса, қарз кўтарувчи ҳам олмоқнинг бермоғи борлигини унутмаслиги керак.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
