Аввал хабар берганимиздек, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ИИВ ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятининг барча шаҳар-туманларида жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ва бу борадаги фаолиятни янада жадаллаштириш ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўз ўрганишларини олиб бормоқда.
ИИВ ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида барча шаҳар-туманларда махсус
тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Жойларда аниқланган муаммоли масалалар ҳамда тезкор тадбирларнинг амалий натижалари вилоят ва шаҳар-туманлар ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилишда хизмат фаолиятида жиддий камчиликка йўл қўйган 33 нафар раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари белгиланди,
3 нафар ходимлар ички ишлар органларидан бўшатилди, 11 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шу билан бирга, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошган, намунали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 11 нафар ходимлар рағбатлантирилди.
Вилоят Иибдаги бўш бўлган йигирмадан ортиқ лавозимлар кўп йиллик тажрибага эга, юқори малакали номзодлар билан тўлдирилди.
Йиғилиш давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятни босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш ва “қизил” ҳудудларни
(оғир маҳаллалар, бозорлар, тирбанд кўчалар) замонавий видеокамераларнинг назоратига олиш кўламини кенгайтириш, бунда, Қарши шаҳрида янги барпо этилган “Ситуацион марказ”га қўшимча равишда видеокузатув мосламаларини интеграция қилиш орқали вазиятни “онлайн” кузатиш ва куч-воситаларни масофадан туриб бошқариш тизимини жорий этиш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш борасида барча профилактика инспекторларининг анъанавий кунлик хизмат фаолиятини тўлиқ “электрон шаклга” ўтказиш ишларини янада жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида кибермаконда содир этилаётган жиноятларни аниқлаш, олдини олиш ва тергов қилиш амалиётидан келиб чиқиб, бундай жиноятлардан жабрланиш ҳолатларига барҳам бериш бўйича янги иш услубларни ишлаб чиқиш бўйича вазир томонидан керакли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Жойлардаги ички ишлар органларининг жамоаларида муҳитни соғломлаштириш, шахсий таркиб томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этилиши ҳамда фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш маданиятини шакллантириш, шунингдек касбий билимларни ошириш бўйича ИИВ Академияси ва Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда алоҳида ўқув курсларини шу йилнинг якунига қадар ташкил этиш белгилаб қўйилди.
Ўрганишлар давомида ички ишлар органларининг кунлик фаолиятида аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш ҳамда келгусида уларга қайта йўл қўймасликка қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туман-шаҳарга масъул этиб бириктирилди.
Вилоят ИИБ раҳбариятига ички ишлар органларида ижрочилик интизомини тизимли равишда назорат қилиш, унинг аҳволини ҳар ҳафтада муҳокама қилиб, камчиликка йўл қўйиб келаётган ёки берилган вазифани бажаришга лоқайдлик билан ёндошаётган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш топширилди.
ИИВ Ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида қўшимча равишда ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.
