Ана шу тарзда жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида бўлинма томонидан 18 та жиноят аниқланиб, фош этилди. Жумладан, 4 та фоҳишахона ташкил этиш, 5 та гиёҳвандлик моддаларини сақлаш, 2 та товламачилик,
2 та таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларини ташкил этиш, 2 та кибержиноят, 1 та ноқонуний ер олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятлар. Жиноятларнинг очилишида маёр Қобилжон Ғаффоров бошчилигидаги ходимлар баравар жонбозлик кўрсатди. Аслида, бўлинмадаги хизмат жараёнининг моҳияти ўзаро бирдамликка асосланган. Жиноятни қидириш, аниқлаш, фош этиш учун уларнинг барчаси тенг оёққа туради. Чунки жиноятчилик оламида кутилмаган ҳолатларга дуч келиш одатий ҳол. Жиноий шахслар ёки тўдалар томонидан қаршилик кўрсатиш, ҳаёт учун хавф туғдирувчи хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ҳолатлари учраб туради.
– Касбимизнинг энг асосий жиҳати тезкорлик, – дейди бўлинма тезкор вакили, катта лейтенант С.Исматов. – Жиноятни ўз вақтида аниқлашга ҳаракат қилмасак, вазият издан чиқиши мумкин.
Катта лейтенант С. Исматов ИИВ Академиясини тамомлаб, бўлинмага ишга келганида 20 ёш эди. Унда соҳавий хизмат ходимига хос туғма характер мавжуд: қатъиятлилик, уддабуронлик, ишни охиригача етказиш. Жиддийлиги, совуққонлиги ҳам кўп ҳолларда ёрдам беради. У жиноятда гумонланаётган ҳар қандай шахс билан вазиятга қараб мулоқотни йўлга қўя олади. Бу борада Академияда олган сабоқлари, қолаверса, жамоадаги ёши улуғ, тажрибали ҳамкасбларидан билмаганларини ўрганиб бориши қўл келмоқда.
Жалақудуқ Андижон вилоятининг шимоли-шарқида жойлашган. Бугун ҳудудда аҳоли тинч-осуда ҳаёт оғушида. Агар қандайдир ҳуқуқбузарликка дуч келишса, уларни қонун йўли билан ҳимоя қилувчи осойишталик посбонлари бор. Амалга оширилаётган турли профилактик тадбирлар, ходимларнинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашуви ортидан тумандаги жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган.
Бўлинма вакиллари – капитанлар Олимжон Йигиталиев ва Музаффар Шералиев ҳам тезкор тадбирларда касбининг асосий қоидалари ҳисобланган аниқлик ва ҳушёрликни кўздан қочирмайди.
Нигорахон ТЎХТАМАТОВА,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
