Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталёни туманлараро ППХ отряди 1-гуруҳ инспектори, сафдор Мададбек Жўрақулов ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо қатъиятлилиги, хушмуомалалиги, тартиб-интизомлилиги билан жамоа орасида тез ҳурмат қозонди. У одатда Кармана тумани марказида хизмат ўтайди. Бу ерда кўплаб савдо дўконлари, маиший хизмат обектлари, бозор, мактаб, боғча ва сиҳатгоҳлар жойлашган. Хуллас, аҳоли гавжум бўлади. Мададбек Жўрақулов фаолияти давомида кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жамоат тартибини сақлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Айниқса, тунги рейдларда фаол қатнашади. Яқинда ўтказилган тадбир чоғида шубҳали кўринган шахсни тўхтатиб, ҳужжатларини кўздан кечирди. Шунда унинг қидирувда эканлигини аниқлади. Лавҳамиз қаҳрамони хиз­мат давомида фақат ҳуқуқбузарликка қарши курашибгина қолмай, аҳоли билан мулоқотга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Чунки жамоат хавфсизлиги фақат жазо ёрдамида эмас, балки профилактик ишлар билан ҳам таъминланади. 

Кармана туманидаги деҳқон бозорида кун бўйи одам гавжум бўлади. Эрта тонгдан сотувчилар-у харидорларнинг ғала-ғовури, машиналарнинг овози эшитилиб туради. Шундай шовқин-суронда бозордаги хўжалик моллари растасида савдо қиладиган тадбиркор аёл ҳисоб-китоб қилинганда анчагина пуллари йўқолганини пайқади. Ушбу ҳолат юзасидан Иибга мурожаат қилди.

Сафдор Мададбек Жўрақулов ўз йўна­лиши бўйлаб хизмат ўтаб юрган пайтида мазкур хабарни қабул қилди. У тезкор гуруҳ билан ҳодиса жойига етиб борди. Бозордаги видеокузатув мосламалари кўздан кечирилди. Кадрларда ёш йигит расталар орасида айланиб юргани, сотувчи аёлнинг бир неча лаҳза чалғиганидан фойдаланиб, унинг сумкага қўл суққани акс этганди.

Аммо уни топиш осон кечмади. Чунки йигит қўлга тушмаслик мақсадида бош ки­йимини алмаштирган, эгнидаги кийимини тескари кийган, бозордан чиққач йўналишини бир неча марта ўзгартирган эди. Хуллас ўзича уддабуронлик билан режа тузганди.

Сафдор Мададбек Жўрақулов ҳудудни яхши билгани боис, ҳамкасблари билан бирга бозор атрофидаги кириш-чиқиш йўлакларни назоратга олди. Гумон қилинувчини қидирув ишлари бошлаб юборилди. Орадан кўп ўтмай, бозорга яқин кўчада шошиб кетаётган йигит тўхтатилди. Унинг ташқи кўриниши видеокадрлардаги тасвирлар билан солиштирлиб, гумон қилинувчи шахс айнан шу йигит эканлигига ишонч ҳосил қилинди.

Маълум бўлишича, у аввал ҳам майда ўғрилик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган, вақтинчалик ишсиз экан. Жабрланувчи аёл пулларини қайтариб оларкан, ҳалиги йигитга қараб: «Болам тенги экансан. Тўғриликча сўрасанг, ўша пулни бермасмидим?!» – дея куйинди. Балки, шу сўзлар йигит учун энг катта дарс бўлгандир. Мададбекнинг хизмат фаолиятида бунга ўхшаш воқеалар учраб туради.

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.