Сирдарё вилояти Боёвут тумани Боёвут-1 маҳалласида рўйхатда турувчи Ю.Ж.га нисбатан жорий йилнинг 12 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан қидирув эълон қилинган эди. У Бухоро шаҳар ИИОФМБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қидирув” тезкор профилактик тадбирида қўлга олинди. Тадбир жараёнида Ю.Ж. ички ишлар органи ходимига 500 АҚШ доллари пора беришни таклиф қилади. Катта тезкор вакил бу иши жиноят эканлигини ҳар қанча тушунтирмасин, у таклифидан қайтмайди.

Шундан сўнг, ходим Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига билдирги ёзади. Унинг билдиргиси асосида ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бўлими, Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Мазкур тадбир Бухоро шаҳар ИИОФМБ 4-сонли ИИБ биносидаги хизмат хонасида ташкиллаштирилди. Фуқаро Ю.Ж. тезкор ходимга 4 миллион 200 минг сўм ва 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ушланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилди.

Мазкур ҳолат Ю.Ж.га нисбатан Жкнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.