Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини кучайтириш, китоб мутолаасини ошириш мақсадида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жойларда ўтказилаётган “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” танловлари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинлари шулар жумласидандир. Эътиборли жиҳати, авваллари тор доирада ўтказилган “Заковат” ўйинлари ҳозирда ҳар хил касб эгалари, турли вазирлик ва ташкилотлардан таркиб топган жамоалар ўртасида ҳам ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари тизимида ўтказилаётган бундай тадбирлардан кўзланган мақсад, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал билимини ошириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишдан иборатдир. Яқинда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган қўшин таркибидаги ҳарбий қисмлар ёш ҳарбий хизматчилардан ташкил топган 12 та жамоа пойтахтда жам бўлишди. “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида бўлиб ўтган “Заковат” интеллектуал ўйинида жамоалар ўзларининг қанчалик билимли ва кўп китоб ўқиганликларини амалда кўрсатишди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган ўйин якунида ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларидан таркиб топган жамоа биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар эса 7251-сонли ҳарбий қисм ва 7254-сонли ҳарбий қисм жамоаларига насиб қилди. Мусобақа ғолиблари қимматбаҳо совға ва дипломлар билан тақдирланди.
Фозилжон Мамашарипов,
“Постда” мухбири.
