Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 февралъ куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўз ишини Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл тумани ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганишдан бошлади.

Туман навбатчилик қисмида ташкил қилинган ситуасион марказ, профилактика инспекторлари фаолиятида фойдаланилаётган боди-камералар, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Шундан сўнг, бўлимнинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидаги шароит ўрганилиб, айни вақтда у ерда сақланаётган тергов ҳаракатлари олиб борилаётган шахслар билан суҳбатлашилди. Уларнинг жиноят содир этишига сабаб бўлган омиллар ўрганилди ҳамда келгусида жиноят содир этилишини олдини олиш мақсадида уларни ишга жойлаштириш ва ижтимоий мослаштириш юзасидан мутасадди раҳбарларга керакли топшириқлар берилди.

Туман Иибда янгидан ташкил этилган, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиловлаш бўйича тезкор штаб фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Жумладан, штабда мавжуд бўлган туманнинг ва маҳаллаларнинг геоинформасион хариталари, маҳаллабай тизимида олиб борилаётган ишлар ва жиноят кўрсатгичлари юқори бўлган ҳудудларга хизмат кўрсатувчи профилактика инспекторлари томонидан хизматда фойдаланилаётган махсус планшетларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўрганиш натижаларига кўра маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахсларнинг муаммоларини яқиндан ўрганиш, мазкур тоифадаги шахслар билан манзилли ишларни ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазири Беруний тумани ички ишлар бўлимида ҳам бўлиб, туманнинг тўртта секторини ўз ичига олган тезкор штаб фаолияти билан танишиб, сектор раҳбарлари томонидан ҳудудда содир этилган жиноятларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган жамоатчилик муҳокамасининг таъсирчанлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ҳамкорликдаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Туманда маҳаллий бюджет ҳисобидан янгидан ташкил этилаётган Пост патрулъ хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бўлимига, туман ИИБ бошлиғининг тавсиясига кўра “Нексия 3” махсус патрулъ автомобили ажратилиши режалаштирилди.

Вазир томонидан, туман ички ишлар бўлими раҳбар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6196-сонли Фармонининг мазмун моҳияти тушунтирилиб, унинг ижросини таъминлаш, шунингдек ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида сектор раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари, туманларга бириктирилган идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда

маҳалла фаоллари билан суҳбатлашилиб, улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида, режа ишлаб чиқилиб, фаолият самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазири бошчилигидаги Ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати