Шу кунларда Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов бошчилигидаги вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ вилоятда секторлар фаолияти, “маҳаллабай” ишлаш тизими, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар ахволини ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳ фаолиятини видеоконференсалоқа тарзидаги йиғилиш билан бошланди. Йиғилишда, Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари ва бошқа алоқадор ташкилотлардан мутасаддилар иштирок этдилар. Иштирокчиларга жамоат хавфсизлиги консепсияси мазмун моҳияти тушунтирилиб, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни ўрганишлар давомида бартараф этиш юзасидан аниқ чора тадбирлар белгилаб олинди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятнинг барча шаҳар-туманларида юқорида берилган топшириқларда келиб чиқиб, профилактик, тезкор-қидирув, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий қатламларига амалий ёрдам кўрсатиш йўналишларидаги тадбирларга киришдилар.

Хусусан, Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақов Фарғона шаҳридаги “Нафосат” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот маскани, 36-сонли умумтаълим мактаби, Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва шаҳар 3-сектор штаби фаолияти билан яқиндан танишди. Жумладан, “Нафосат” маҳалласида профилактика инспектори, фаоллар, ёшлар етакчиси ҳамда хоким ёрдамчиларининг ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари таҳлил қилинди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилиниб, уларнинг мавжуд муаммолари тингланиб, бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан республикадаги барча кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига бириктирилган. Ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона шаҳридаги мактаб-интернатда яратилган шароитлар, ошхона, ётоқхона, ўқув хоналари, спорт зали ҳамда мусиқа тўгараклари фаолияти кўздан кечирдилар. Ўзаро мулоқотлар жараёнида мактабнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ўқувчиларни махсус кийим-кечаклар билан таъминлаш борасида таклифлар билдирилди. Шунингдек, кўзи ожиз болалар учун брейн ёзувидаги дарсликлар ва махсус жиҳозлар билан таъминланиши келишиб олинди.

Кейинги манзил Марғилон шаҳридаги Қашқар маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Ишчи гуруҳ томонидан маҳалладаги жиноятчилик аҳволи, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишларидаги фаолият ўрганилди.

Шундан сўнг Ёшлар етакчилари билан учрашув ташкил этилиб, ушбу лавозимнинг жорий этилишидан кўзланган мақсад, етакчиларнинг зиммасига юклатилган асосий вазифалар ҳақида сўз юритилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликка кенг жалб қилиш, улар ўртасида спорт мусобақалари уюштириш, ахборот технологиялари ва тадбиркорликка қизиқтириш орқали жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Ишчи гуруҳ аъзолари рақамли технологиялар марказидаги тўгараклар фаолияти билан танишиб, у ерда билим олиб, тажриба орттираётган иқтидорли ёшлар билан суҳбатлашишди.

ИИВ ишчи гуруҳи аъзолари тадбирлар доирасида вилоятнинг шаҳар-туманларидаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида махсус тезкор-профилактик тадбирлар, ИИО ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиниши ҳамда аҳолининг ижтимоий қатламларига амалий ёрдам кўрсатиш ишларини олиб бормоқда.

Тадбирнинг биринчи кунида 169 нафар вояга етмаган ўғил-қиз таълимга қайтарилди, 19 нафар аёлга ҳимоя ордери расмийлаштирилди. 22 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, 290 нафар уюшмаган ёш билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, 27 та жиноий ва 34 та маъмурий ҳолатлар аниқланди, 9 нафар қидирувдаги шахс ушланди, очилмасдан қолган 25 та жиноятлар фош этилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича ўтказилган “Махсус авторейд” тадбири давомида 2916 та қоидабузарликлар аниқланган бўлиб, шундан 608 таси қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади.

Ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.


ИИВ Ахборот хизмати