Сўнгги ойларда Ўзбекистонда жамоатчиликни ларзага солган бир нечта йўл-транспорт ҳодисасида умумий жиҳат кўзга ташланди: автоуловни бошқарган шахслар вояга етмаганлар бўлган.
Муаммонинг хавфли жиҳати шундаки, кўпчилик ҳайдовчилик ҳуқуқи масаласини фақат ҳужжат билан боғлайди. Ваҳоланки, ҳайдовчилик гувоҳномаси шунчаки рухсатнома эмас. Уни олиш учун инсон муайян ёшга етган бўлиши, назарий билимларни ўзлаштириши, амалий кўникмаларга эга бўлиши ва имтиҳондан ўтиши талаб қилинади. Бу талаблар бюрократик тартиб эмас, балки инсон ҳаётини ҳимоя қилиш механизмидир.
Транспорт воситасини бошқариш фақат автомобилни ҳаракатга келтиришни билган одамнинг қўлидан келадиган иш эмас. Йўлда бир неча сония ичида қарор қабул қилиш, хавфни баҳолаш, фавқулодда вазиятда тўғри ҳаракат қилиш қобилияти ҳам талаб этилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай кўникмалар инсонда маълум ёш ва тажриба шаклланганидан кейин барқарор намоён бўлади.
Шу нуқтайи назардан қараганда, вояга етмаган шахснинг рулга ўтириши нафақат ҳуқуқий, балки психологик ва хавфсизлик жиҳатидан ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Ўсмир кўп ҳолатларда хавфни катталар каби баҳолай олмайди. У тезлик оқибатларини етарли даражада ҳис қилмаслиги, ўз имкониятларини ортиқча баҳолаши ёки эҳтирос таъсирида қарор қабул қилиши мумкин.
Бугун ижтимоий тармоқлар ҳам бу жараёнга таъсир кўрсатмоқда. Автомобил бошқараётган ёки юқори тезликда ҳаракатланаётган вояга етмаганларнинг видеолари вақти-вақти билан тарқалиб туради. Муаммо шундаки, айрим ёшлар бундай ҳаракатларни қонунбузарлик эмас, балки жасорат ёки обрў белгиси сифатида қабул қилмоқда. Бу эса хавфли хулқ-атворнинг оммалашувига хизмат қилиши мумкин.
Президентимиз томонидан мазкур масала алоҳида кўтарилгани бежиз эмас. 11-июн куни бўлиб ўтган тақдимотда вояга етмаганларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйган шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу ёндашув асосида муҳим мантиқ бор: фожиа содир бўлганидан кейин оқибатларини бартараф этишдан кўра, унинг сабабларига қарши курашиш самаралироқдир. Чунки рулдаги ўсмир кўп ҳолатларда муаммонинг охирги бўғинидир. Ундан олдин эса автомобил калитини берган, бундай ҳаракатга кўз юмган ёки уни хавф деб қабул қилмаган катталар қарорлари туради.
Тошкент шаҳрида яна бир оғир воқеа юз берди. Бош прокуратура ва ички ишлар органлари маълумотларига кўра, 2010-йилда туғилган ўсмир рухсациз равишда «БМW» автомашинасини ҳайдаб, ҳаракат давомида хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспекторини уриб юборган. Шифокорларнинг уч кунлик саъй-ҳаракатларига қарамай, инспектор оламдан ўтган. Суриштирув материалларида ушбу вояга етмаган шахс аввал ҳам хавфли ҳаракатлари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушгани қайд этилган.
Май ойида Қўқон шаҳрида рўй берган фожиа ана шундай ҳолатлардан бири сифатида кенг муҳокама қилинди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мактаб ўқувчиси «Малибу-2» машинасини бошқариб, пиёдалар йўлагидан ўтаётган уч нафар қизчани уриб юборган. Оқибатда улардан бири шифохонада вафот этган, икки нафари оғир аҳволда қолган. Рулдаги ўсмир ҳайдовчилик ҳуқуқига эга эмаслиги аниқланган.
Бу икки воқеа турли ҳудудларда, турли шароитларда содир бўлган, аммо уларни бирлаштириб турган муҳим жиҳат ўша: рулни ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган вояга етмаган шахс бошқарган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакиллари кейинги йилларда ўсмирлар томонидан транспорт воситаларини бошқариш ҳолатлари тез-тез учраётганини таъкидлаб келмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда автомобилни намойиш қилиш, тезликка қизиқиш ва хавфли ҳаракатларни «обрў» белгиси сифатида қабул қилиш айрим ёшлар орасида хавотирли тенденсияга айланмоқда.
Муаммонинг энг оғир томони шундаки, бундай ҳолатларда хавф фақат рулдаги ўсмирнинг ўзига эмас, балки мутлақо бегона инсонларга ҳам таҳдид солади. Қўқонда ҳалок бўлган қизалоқ ҳам, Тошкентда ҳаётдан кўз юмган ЙПХ ходими ҳам транспорт воситасини бошқараётгани йўқ эди, аммо бошқа бир инсоннинг шундай масъулияцизлиги уларнинг тақдирига таъсир қилди.
Шу нуқтайи назардан қараганда, масала фақат ўсмирлар машина бошқараётганида эмас. Асосий савол бошқа ерда: вояга етмаган бола қандай қилиб автомобил калитига эга бўлмоқда? Нега катталар бундай хавфни олдиндан кўрмайди ёки жиддий қабул қилмайди?
Бу саволлар бежиз эмас, чунки давлатимиз раҳбари 11-июн куни ўтказилган тақдимотда айнан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат бериш ҳолатлари оғир оқибатларга сабаб бўлаётганини таъкидлаб, бу борада жавобгарликни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Демак, муаммо алоҳида ҳодисалар даражасидан чиқиб, давлат сиёсати даражасида кўрилаётган масалага айланмоқда.
Эндиликда муҳокама марказидаги асосий савол шу: рулга ўтирган ўсмир хавфлироқми, ёки унга автомобил калитини берган катталарнинг бепарволигими?
Вояга етмаган шахс машина бошқариши аксарият ҳолларда тасодиф эмас. Унинг ортида катталар қабул қилган қарор ёки йўл қўйган бепарволик ётади. Шунинг учун ҳам муаммони фақат ўсмирларнинг ҳаракати билан изоҳлаш етарли эмас.
Амалда бундай ҳолатлар турлича кўринишда намоён бўлади. Айрим ота-оналар фарзандига автомобил бошқаришни эрта ўргата бошлашни ижобий ҳолат деб ҳисоблайди. Баъзан ёпиқ ҳудудда ёки қишлоқ кўчаларида бошланган бундай тажриба кейинчалик умумий фойдаланишдаги йўлларга чиқиб кетади. Бошқа ҳолатларда эса катталарнинг ўзи вояга етмаган фарзандига транспорт воситасини вақтинча бошқариш учун рухсат беради. Натижада қонун билан тақиқланган ҳаракат оддий ҳолат сифатида қабул қилина бошлайди.
Шу ўринда яна бир муҳим савол туғилади:муаммони ҳал қилиш учун жавобгарликни кучайтириш етарлими? Ёки вояга етмаганларнинг рул бошқаришига сабаб бўлаётган ижтимоий муҳит, тарбия ва хавфсизлик маданиятига ҳам бошқача ёндашиш зарурми?
Жавобгарликни кучайтириш муҳим, аммо тажриба кўрсатадики, ҳар қандай ҳуқуқий чора муаммонинг оқибатига таъсир қилиши мумкин, сабабига эмас. Вояга етмаганларнинг транспорт воситасини бошқариши билан боғлиқ ҳолатларга назар солинса, янада ташвишли бир муаммо кўзга ташланади – хавфни нотўғри баҳолаш маданияти.
Кўплаб ота-оналар фарзандининг машина ҳайдай олиши билан фахрланади. Айрим ҳолларда бу ҳатто мақтаниш мавзусига айланади.«Ўғлим 14 ёшида машина ҳайдайди», «Фарзандим автомобилни бемалол бошқара олади», деган гапларни эшитиш мумкин. Ваҳоланки, бу кўникма эмас, хавфдир, чунки автомобил ўйинчоқ эмас. У бир неча сония ичида инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган юқори хавф манбайи ҳисобланади. Ҳайдовчилик ҳуқуқи учун ёш чеклови ҳам тасодифан белгиланмаган. Бу талаб ортида йиллар давомида шаклланган халқаро тажриба, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тадқиқотлар ва инсон психологияси ҳақидаги илмий хулосалар ётади.
Мутахассислар қайд этишича, ўсмирларда хавфни баҳолаш ва қарор қабул қилиш учун масъул бўлган мия фаолияти катталарникидан фарқ қилади. Шу сабабли улар кўпроқ таваккалчиликка мойил, эҳтимолий оқибатларни эса етарлича ҳисобга олмаслиги мумкин. Автомобил бошқаришда эса айнан бир неча сониялик эҳтиёцизлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу нуқтайи назардан қараганда, вояга етмаган шахснинг рул бошқариши фақат қонунбузарлик эмас. Бу – хавфсизлик тизимидаги бир нечта бўғин бир вақтнинг ўзида ишламагани белгиси. Аввало, оила назорати ишламаган бўлади. Кейин атрофдагилар бунга муносабат билдирмайди. Айрим ҳолларда эса жамоатчилик ҳам буни жиддий хавф сифатида қабул қилмайди.
Аслида, жамиятдаги муносабат қонундан ҳам кучли профилактика воситаси бўлиши мумкин. Агар вояга етмаган боланинг автомобил бошқариши маҳорат эмас, балки масъулияцизлик сифатида баҳоланса, бу ҳолатлар камайиши мумкин. Бугун эса баъзи ҳолатларда аксинча манзара кузатилмоқда – ижтимоий тармоқларда рул ортидаги ўсмирлар видеолари тарқатилади, улар муҳокама қилинади, айримлари қизиқиш ва ҳатто ҳавас билан қарши олинади.
Шунинг учун ҳам муаммони фақат ҳуқуқий нуқтайи назардан кўриш етарли эмас. Бу масала тарбия, ижтимоий масъулият ва хавфсизлик маданияти билан ҳам бевосита боғлиқ. Қонун жазолайди, аммо хавфни англаш ҳиссини шакллантирмайди. Бу вазифа, аввало, оила, таълим муассасалари ва жамият зиммасида.
Сўнгги ойларда мамлакатни ларзага солган фожиалар шу ҳақиқатни кўрсатди: рулдаги вояга етмаган шахс – муаммонинг сабаби эмас, натижаси.Асосий савол автомобилни ким бошқарганида эмас, нега унга бу имконият берилганида.
Ҳар бир ҳолатда калитни берган қўл битта бўлиши мумкин, аммо ўша калитга етиш имконини берган қарор ортида катталарнинг масъулияти ётади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳақида гап кетганда, айнан шу масъулиятни англаш келгусида янги фожиаларнинг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мусулмон ЗИЁ,
журналист.
