– Ижарага қурилиш анжомларини бераркансиз. Шунга қўнғироқ қилгандим, – деди нотаниш аёл салом-аликдан сўнг, ёқимли, айни пайтда ўта жиддий оҳангда ва ўзини «Иззакон смарт гроуп Мчж раҳбари Гулсевар Каримова» деб таништирди.
– Синглим, ҳар ким ўз ишини қилгани яхши. Сиз қурилишни қаердан ҳам тушунасиз. Яна фирма очиб олганман, дейсиз. Ҳозир анча-мунча йигитлар эплолмайди бу ишни, сизга йўл бўлсин, – деди Аббос шерикларига кўз қисиб.
Телефоннинг нариги томонидан кескин жавоб келмади. Аксинча, аёл Аббоснинг улфатлари билан мириқиб кулишига қўйиб берди. Сўнг:
– Бугунги эркаклар ичкиликдан бошқасини билмаса, айб бизда эмас, мулло ака. Яна кимдир савоб иш ҳам қилиб туриши керак. Бундай мард эркаклар анқонинг уруғи бўлаётган бўлса, биз каби... – Гулсевар атайлаб гапини узиб қўйди.
Аббосга шунинг ўзи етарли бўлди. У дўстларига «Сизлар овқат буюраверинглар», деб, нарироққа кетди. Кейин аёлдан қанақа савоб иш қилаётганини суриштирди. Гулсевар масжид қурилиши бўйича буюртмани фирмаси олганлигини айтди. Аббос «Така бўлсин, сут берсин» қабилида иш тутиб, дарров нималар кераклигини суриштирди. Гулсевар 60 комплект қурилиш нарвони, 40 дона опалубка (бетон қуйиш учун қолип), 4 дона семент қориш учун мўлжалланган карета ҳамда 56 дона тахта олмоқчилигини айтди. Шунда Аббос «Уйга бораверинг, янгангиз билан келишиб, ҳисоб-китоб қиласиз. Мен узоқроқда эдим», – деди.
Гулсевар айтилган манзилга бориб, Жамилага Аббос билан қўнғироқлашганини, барча ҳисоб-китобларни ўзи амалга ошириши лозимлигини айтди. Шундай қилиб, Г.Каримова дастлабки тўлов сифатида 300 АҚШ доллари ва гаров тариқасида шахсий гувоҳномасини қолдирди. Шунингдек, келишувга кўра ҳар 10 кунда ижара пулларини нақд тўлашга ваъда берди. Сўнг «Исузу» русумли юк автомашинасига қурилиш анжомларини юклатди.
Жамила негадир Гулсевардан шубҳаланди. Шу боис ўғлининг машинасида «тадбиркор» аёлнинг ортидан кузатиб борди. Гулсевар юкларни Навоий шаҳрида жойлашган автобазага киритди. «Пойлоқчилар» эса унга ишонч ҳосил қилгач, шу ердан изларига қайтишди.
Орадан икки кун ўтгач, Гулсевар яна Жамила билан учрашди. У олиб кетган анжомлар етмаганини айтиб, яна 42 дона опалубка, 60 дона қурилиш нарвони, 240 дона металл қозиқ олиб, бу ҳақда тилхат ёзиб берди. Тилхатга қурилиш анжомлари синса ёки йўқолса, тўлаб бериш шартини ҳам киритди. Ушбу анжомлар учун ҳар куни 537 минг сўмдан тўлашини келишиб олишди.
Ҳаш-паш дегунча орадан 10 кун ҳам ўтди. Аммо пулдан дарак йўқ эди. Жамила Гулсеварга қўнғироқ қилиб, ижара пулини сўради. Г.Каримова эса эрта-индин фирмаси ҳисобига пул тушишини, шундан сўнг яқин кунларда ижара ҳақини келтириб беришини айтди. Гулсевар тўлов муддатини яна бир неча марта орқага сураверганидан кейин, «Бу ерга бир гап бор, яна чув тушмадикми?» деган хавотирда Аббос хотини билан Навоий шаҳрига йўл олди. Улар Гулсевар қурилиш анжомларини туширган базага боришди. База қоровули Г.Каримова қурилиш анжомларини бу ерга вақтинчалик олиб кириб туширганини, бироз вақт ўтгач қайтиб олиб чиқиб кетганини айтди. Бундан ғазабланган Аббос хотинига:
– Дарров унга қўнғироқ қил! – деб ўшқирди.
Жамиланинг қўнғироғини Гулсевар ҳартугул қабул қилди.
– Биз базага келдик. База сеники эмас экан-ку? – деди Жамила Гулсеварга сансираб.
– Базага вақтинчалик қўйгандик. Кейин ишлатиш учун олиб кетган эдик, – дея Г.Каримова ёлғон-яшиқларни қаторлаштириб ташлади ва қўшиб қўйди. – Уч кун ичида ижара пулини тўлиқ етказаман. Ишимиз оз қолди, балки анжомларни ҳам бирга етказарман.
Аслида эса Г.Каримова салкам 218 миллион 450 минг сўмлик қурилиш анжомларини базадан олиб чиққач, юк машинасига ортиб, Самарқанд вилоятида жойлашган металл буюмалар бозорига олиб бориб, арзон гаровга – 38 миллион сўмга пуллаган эди. «Бели оғримаганни нон ейишини кўр» деганлари шу бўлса керак-да...
Алалоқибат, пичоқ суякка қадалиб, сабр косаси тўлгач, жабрдийдалар Ғиждувон тумани Иибга Гулсевар Каримованинг қилмиши юзасидан мурожаат қилишди. Фирибгар қўлга олинди. Туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими суриштирувчиси, маёр Шуҳрат Қозоқов ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят ишига оид дастлабки суриштирув ишларини олиб борди. Буни қарангки, Г.Каримова ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмай, икки маротаба – ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари бўйича судланган, ҳатто озодликдан маҳрум этилиш жазосини ҳам ўтаган экан. Бироқ бундан тўғри хулоса чиқармаган.
– Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Г.Каримова ўтган йили вобкентлик яна бир тадбиркордан Навоий шаҳрида болалар боғчаси қураётганлигини айтиб, 77 миллион сўмлик 100 комплект темир нарвонни вақтинча ижарага олиб, донаси учун кунига 2 минг сўмдан беришга келишади. Лекин қурилиш анжомларини кўтарасига сотиб юборган. Бир йил давомида тадбиркорни алдаб, катта ваъдалар бериб келаётган экан, – дейди маёр Ш. Қозоқов.
Шундай қилиб, суд мажлисида мазкур жиноят ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Натижада Г.Каримовага қўйилган айблар ўз исботини топди. Жиноятга яраша жазо тайинланди. Бунда судланувчининг муқаддам содир этган қилмишларидан тегишли хулоса чиқармаганлиги ҳисобга олинди. Шунингдек, ҳукм қонуний кучга киргач, жабрланувчиларга етказилган зарар фирибгар аёлдан ундириладиган бўлди.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
