Тошкентнинг қадимий гўшаларидан бири — «Бешқайрағоч» маҳалласига кириб боришимиз биланоқ қалбимизга илиқлик инди. Файзли кўчалар, саранжом ҳовлилар, эшик олдида суҳбат қуриб ўтирган нуронийлар — бу гўшада ўзбекона муҳитнинг барча жиҳатлари мужассам эди. Одамлари ҳам очиқкўнгил, самимий.

— Кечирасиз, Мелибой отанинг хонадонлари қайси томонда? — деб сўрадик йўл-йўлакай учраганлардан.

— Тўғри келяпсизлар, — деди улардан бири. — Шу кўчанинг бошида, масжид билан ёнма-ён.

Хонадонга етиб борганимизда, остонада Учтепа тумани ИИОФМБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Шарапат Қудияров билан юзма-юз келдик.

— Устоздан тез-тез хабар олиб турамиз, маслаҳатларини эшитамиз, — деди у киши. — Бугун ҳам дуоларини олиб кетай дегандим. 

ҳовлидан биз томонга дадил қадамлар билан бир киши кела бошлади. Бу — 95 ёшли Мелибой ота эди. Бир қарашда¸ ҳайратда ҳолдим: у киши мен тасаввур қилгандек кекса, ҳаракатлари суст отахон эмас, аксинча, бардам, қомати тик, кўзлари чақнаб турган, ғайрат-шижоатга тўла инсон эди. Суҳбатимиз ҳовлидаги сўрида, бир пиёла чой устида бошланди. Табиийки, илк саволим шу бўлди:

— Отахон, шу ёшда ҳам бундай тетик ва соғлом юришингизнинг сири нимада?

— Ҳар куни эрталаб соат бешда уйғонаман, — дейди Мелибой ота. — Сўнг камида ярим соат машқ қиламан. Танани ҳаракатда ушлаш керак. Овқатланиш ҳам меъёрида, тартиб билан бўлиши шарт.

У киши гапирар экан, нигоҳим ҳовлининг бир чеккасидаги оддий, аммо тартибли қилиб жиҳозланган спорт бурчагига тушди. У ерда турник, бокс қопи, қўлқоплар бор эди… 

— ёшингиз юзга яқинлашиб қолибди, — дедим эҳтиром билан. — Ортга назар ташласангиз, нималар ёдингизга тушади? 

— Болалигим... жуда оғир ўтган...

Бу икки оғиз сўз ортида бутун бир даврнинг аламли ҳақиқати мужассам эди. Уруш йиллари. Очарчилик. Етимлик. Тўққиз нафар фарзандли оила. 

— Баҳоргача оч ўтирардик, — дейди у. — Беш-олти дона майизга ҳам қаноат қилган кунларимиз бўлган. Баҳор келганда қўй сути — энг катта неъмат. Аммо уни ҳам бемалол ичиш насиб қилмасди: сутдан тайёрланган маҳсулотлар фронтга юбориларди.

Уруш йиллари бир оиладан ҳам отаси, ҳам катта акаси урушга кетади. Жанг майдонларидан омон қайтган ака пахта далаларида заҳарланиб, ҳаётдан бевақт кўз юмади. Унинг ортидан бир йилда яна уч инсон: келинойиси, онаси ва отаси ҳам бирин-кетин бу ёруғ оламни тарк этишади. Шу тариқа Мелибой отанинг болалиги бир зумда катталикка айланади. Бироқ шу қийинчиликларга қарамай у кишининг кўнглида бир орзу бор эди — ўқиш.

— Илмга қизиқардим, — дейди отахон. — Дафтарни қучоқлаб мактабга борардим. Эгнимда — қўлда тўқилган, оддий бир кўйлак — ягона кийим. Бир куни у ҳам йиртилди. ўқитувчим буни кўриб, елкамга енгилгина қоқиб, «сен одам бўласан», деди. Балки, ўша оддий сўз бола қалбимда бир умрлик ишончни уйғотгандир.

Дарҳақиқат, ҳаёт синовлари Мелибой отани эрта улғайтирган эди. 

У мактабни тамомлаб, кўп ўтмай муддатли ҳарбий хизматга жўнайди. Армия сафидан қайтгач, устозининг тав­сия­си билан пойтахтга йўл олади. Унинг мақсади — Милиция мактабида ўқиш эди.

— Жой йўқ. Ўринлар тўлган, — дейди кадрлар бўлими бошлиғи қисқа қилиб.

Мелибой ота эса иккиланмай Ички ишлар вазири қабулига киради. ёш йигитнинг кўзларидаги ишонч ва сўзларидаги қатъият вазирни бефарқ қолдирмайди. Натижада у Милиция мактабига қабул қилинади. Ўқишни битиргач, уни Сурхондарёга — Термизга йўллашди. Шу ерда у участка нозири сифатида иш бошлади.

— Уч ярим йил ишладим, — дейди у киши. — Лекин иш оғир эди. Бир куни Тошкентдан текширув билан келган полковник сабаб вазият ўзгаради. 

Айнан шу инсон сабаб у хизматни пойтахтда давом эттиради, болалар колониясига тарбиячи қилиб тайинланади. Кейин эса участка инспектори лавозимида фаолиятини давом эттиради. Йиллар ўтиб, у бой тажриба тўплаган, ҳурмат қозонган катта инспекторга айланади.

Ўттиз йил бир тизимда ишлаш. Инсонлар тақдирига дахлдор бўлган, тинчлик-осойишталик учун бағишланган умр. Ўтган йиллар ичида унинг шахсий ҳаётида ҳам синовлар кам бўлмади. Оила қурди. Бир ўғил фарзандли бўлди. Аммо тақдир яна аямади — турмуш ўртоғи оғир хасталик сабаб бевақт оламдан ўтди. У дардини ичига ютиб, яна ҳаёт йўлини давом эттирди. Ҳар қанча қийинчилик бўлмасин, ортга қайтмади. Синиш ўрнига, янада тобланди.

Орадан йиллар ўтиб, у ҳаётини Мунира исмли аёл билан боғлади. Бу оилада тўрт ўғил ва бир қиз дунёга келиб, унинг умрига янги маъно ва бахт бағишлади.

Мелибой ота хизмат фао­лияти давомида эришган ютуқлари ҳақида кўп гапиришни хуш кўрмайди. 

— Қилган ишни санаб ўтириш шарт эмас, — дейди у киши. — Асосийси, ҳалол хизмат қилиш. 

Аммо суҳбат давомида айрим воқеалар ўз-ўзидан очилиб борарди. Шулардан бири узоқ вақт сир бўлиб қолган оғир жиноят эди.

— «Японец» лақабли бир шахс қўлга тушди, — деб эслайди у. — Суриштирув давомида унинг аввалги жиноятлари ҳам очила бошлади. Ўша йилларда Тошкент атрофида корейс миллатига мансуб машҳур табиб фаолият юритарди. Бир йигит онасини даволатиш учун шу ерга келади. Узун навбатни, одамлар оқимини кўриб, хаёлига шундай фикр келади: «Табибда катта пул бор». Шу фикр аста-секин ниятга, ният эса жиноятга айланади. У шериклар топади. Режа тузади. Охир-оқибат қотиллик содир этилади. Табиб ўлдирилади. Унинг рафиқаси оғир жароҳатланади. Жиноятчилар эса изсиз ғойиб бўлади. Бу иш узоқ вақт очилмайди. Шунинг учун вазирлик назоратига олинади. Мелибой ота «Японец»ни сўроқ қилиш жараёнида табибни айнан шу шахс ўлдирганлигини исботлайди. 

У узоқ йиллар Учтепа тумани Иибда хизмат қилиб, иззат-икром билан пенсияга чиққан. Раҳматли умр йўлдоши Мунира ая билан қарийб 55 йил бирга умр кечиришган.

Ҳа, лавҳамиз қаҳрамонининг умри изсиз ўтмаган. Меҳрибонлик, талабчанлик ва беқиёс тажриба соҳиби сифатида у ҳали ҳам жамоат ишларида фаол, ёшларга ибрат бўлиб келмоқда. Отахоннинг ҳаётга бўлган муҳаббати шуни англатадики, унинг қалби ҳануз ёш, ҳануз серғайрат.


Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар. 

Тошкент шаҳри.