У оилаларда учрайдиган зўравонликка қарши курашиб, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, қизларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши борасида доимо жон куйдиради. Оилалар тинчлигини таъминлаш, хотин-қизлар мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва муаммосини ҳал этиш, ажримларнинг олдини олиш учун жонҳалак. Бирор оилада низо чиқса, дарҳол етиб боради. Оила аъзоларини муросага келтириб, яраштиради.
– Адашган қизнинг қалбига йўл топиб, ҳаёт йўлини танлашида тўғри йўл кўрсацам, бир ёлғиз онага ҳужжат масаласида ёрдам берсам-у, унинг иши ҳал бўлса, бир ишсизга иш топиб берсам-у, унинг рўзғорига барака кирса ёки бир оиланинг ярашиб кетишига сабабчи бўлсам ўша кун мендан бахтли аёл йўқ, – дейди капитан Нилуфар Мамадисаева. – Ҳар куни турфа тақдирлар билан юзма-юз бўламан. Баъзилари ҳақ-ҳуқуқини билмаганидан ҳаётда қийналган, иш излаб турли жойларда сарғайган, қайнона ёки турмуш ўртоғидан тазйиқ кўрган, мушкулига чора излаган муштипар аёллар. Шунда ҳам улар сабрга суяниб яшайди. Охири сабр косаси тўлгач, нажот истаб бизга мурожаат қилади.
Мурожаатлар маҳалла фаоллари, нуронийлар, тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб профилактик, психологик, тарбиявий суҳбатлар ўтказилмоқда. Натижалар эса ижобий. Низолар барҳам топиб, оилаларда тинчлик шамоли эсмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони назоратидаги ҳар бир хонадонга кириб, оила аъзолари билан суҳбатлашиб, вазиятни назорат қилиб туради. Оилавий муҳитга қараб уларни рўйхатдан чиқаради ёки ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа ёрдам бўйича тегишли идораларга мурожаат қилади.
– Ҳар қандай оиладаги муҳитни аввало аёлнинг чеҳраси гапиради. Болаларнинг ўйин-кулгуси жаранглаган уйда тинчлик ва хотиржамлик бор. Унда камолга етаётган ўғил-қизлар юзида бахтиёрлик акс этади, – дейди қаҳрамонимиз.
Нилуфар кунлик хизматдан сўнг оиласига ошиқади. У турмуш ўртоғи Икромжон билан 2 нафар ўғилни тарбиялашмоқда. Фарзандларининг билимли, комил инсонлар бўлиб улғайиши йўлида ўзи ҳам мунтазам ўқиб, изланади. Чунки ота-она ўқимишли, зиёли бўлса оилада хотиржамлик бўлади деган сўз жуфтликнинг олтин қоидасига айланган.
Умида
МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
