Асли Тошкент вилоятида туғилган Абдулазиз Салиев болаликдан бирор ишга қўл урса, якунига етказмагунча қўймасди. Унинг тиришқоқлигига тенгдошлари ҳавас қилишарди. Лавҳамиз қаҳрамони ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртини муваффақиятли битиргач, 7534-ҳарбий қисмда гуруҳ командири, взвод командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, 

взвод командири, баталён 

штаби бошлиғининг назоратчилар хизмати бўйича ўринбосари, 7533-ҳарбий қисмда 1-ўқчи баталён командири лавозимларида самарали хизмат қилди. 

2017-йилдан фаолиятини Навоий вилоятидаги 7532-ҳарбий қисм командирининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи сифатида давом эттирган лавҳамиз қаҳрамони айни пайтда Зарафшон шаҳридаги 7551-ҳарбий қисм командири лавозимида хизмат олиб бормоқда. Амалдаги қонун­чилик ва Умумҳарбий низомларга мувофиқ иш кўриши, юксак командирлик салоҳияти туфайли қўл остидаги ҳарбий хизматчилари орасида обрў-эътибор қозонди. Йиллар давомида тўплаган бой тажрибаси ва билимларини офицерларга қунт билан ўргатади. 

Шахсий таркиб ўртасида ҳарбий интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамиша унинг диққат марказида. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлиги ва жанговар шайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Бунда ўқув машғулотлари ва машқларининг юқори савияда ташкил этилаётгани муҳим омил бўлмоқда. 

Ҳарбий қисмда қисқа вақт ичида Маданият маркази барпо этилди. Ундан маънавият ва маърифат хонаси, ватанпарварлик бурчаги, ўқув зали, кутубхона, психологик тренинг хонаси ўрин олган. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган ётоқхоналар, маиший хизмат кўрсатиш хоналари тўлиқ таъмирланди. 300 кишига мўлжалланган аскарлар ошхонаси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

– Аскарлар учун яшаш шароитларни яхшилаш борасида амалга оширган ишларимиз келгусида уларнинг хизмат самарадорлиги янада ошишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Қолаверса, аскарларнинг ота-­оналари ҳам фарзандларини кўргани келишганида яратилган қулайликларни кўриб мамнун бўлишяпти, – дейди полковник Абдулазиз Салиев.

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.