Хизмат вазифамиз тақозоси билан таълим муассасалари, корхоналар, автобекатлар йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш учун учрашув­лар уюштирамиз. Ана шундай учрашувларда йўлларда қоидаларга қатъий риоя қилиш зарурлиги атрофлича тушунтирилади. 

Айтайлик, соатига 60 километр тезлик билан ҳаракатланаётган енгил автомобил йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганида бир неча килотонна куч билан урилади. Мана шундай ўртача тезликда ҳам тўқнашув натижасида пиёдага ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказилиши мумкин. Бошқа автомобил билан тўқнашилган ҳолатда эса ҳар иккала транспорт воситасига жиддий зарар етади. Ана энди тезлик 100 километр соатда содир бўладиган автоҳалокат оқибатини тасаввур қилаве­ринг. Тарғибот тадбирларида мана шу фикрларни, автоҳалокатларга оид кўплаб мисоллар келтирганимиздан кейингина иштирокчиларнинг дунёқараши кескин ўзгарганига амин бўламиз. 

... Гулистон шаҳар бош автобекати­да ҳайдовчилар билан учрашув қизғин кечди. Кутилганидек, ҳайдовчиларнинг таклиф, савол ва фикрлари кўп бўлди. Уларнинг шоҳбекатга ёндош йўлда тўхтаб туриш тақиқланганига оид белгиларни камайтириш ёки олиб ташлаш бўйича таклифи биз, инспекторларда эътироз туғдирди. Чунки М-34 трассасида ҳаракат доимо тиғиз. Бу йўлдан Тошкент, Термиз, Самарқанд каби йўналишларда автомобиллар ҳаракатланади. Айниқса, йўлнинг Гулистон шаҳрини кесиб ўтадиган қисми доим ҳушёрликни талаб қилади. Агар ҳайдовчиларнинг таклифи инобатга олиниб, автомобилларга тўхтаб туришга рухсат берилса, йўлда тирбандлик, бетартиблик, қоидабузарлик кўпаяди. Бу йўл-транспорт ҳодисалари эҳтимолини кўпайтиради. 

Ҳозирда кўплаб мактабларда йўл ҳаракатига оид майдончалар барпо этилган. Мазкур майдончалар светофорлар, йўл белгилари, пиёдалар йўлаги, автомобил йўлларининг ўзига хос мо­делларидан иборат. Бу тарғибот тадбирларини ўйин, жамоавий баҳс кўринишида олиб бориш имконини беради. Натижада йўл ҳаракати қоидалари, уларга риоя қилиш зарурлиги ўқувчиларнинг онгида мустаҳкам ўрнашиб қолади. 

Яқинда ана шундай учрашув­лардан бирини Гулистон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида уюштирдик. Даставвал синфларда йўл ҳаракати қоидаларига оид тушунтиришлар бердик. Кейин эса ўқувчилар ўртасида «Қувноқ светофор» тадбири ташкил этилди. Болалар йўл ҳаракати қоидаларига оид билимларини синовдан ўтказишди. Тадбирда уларнинг хатти-ҳаракатини бевосита ЙПХ инспекторлари баҳолаб боргани, хатоларини тушунтириб бергани уларда катта таассурот қолдирди. 

Бир сўз билан айтганда, тар­ғибот-ташвиқот билан фуқароларнинг йўл ҳаракати маданиятини юксалтириш муҳим вазифаларимиздан бирига айланган. Бу энг самарали ва ишончли восита эканига ишончимиз комил. 

Шавкат БЎРОНОВ,

Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ 3-сафарбар гуруҳи катта инспектори, катта сержант.