2021 йилнинг 23 феврал куни “Зарбдор ойлиги” тезкор-профилактик тадбири доирасида Иштихон тумани ҳудудида яшовчи 24 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган гумондор шахсларнинг яшаш хонадонларида тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилди, дея хабар беради Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Олиб борилган тинтув-тергов ҳаракатлари давомида туманнинг Бойтуви маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган Қ.Б.нинг яшаш уйидаги дарахт шохлари орасидан оғирлиги 100 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилиб, холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Бундан ташқари, туманнинг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган М.Х.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи ҳўжаликларида ўтказилган тинтув давомида, ошхонадаги ўчоқ ичидан ва товуқхонанинг устидан тахминий оғирлиги 1 килограмм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилди. Ашёвий далил холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди.

Шунингдек, туманнинг Чақар қишлоғида яшовчи, 1960 йилда туғилган У.А.нинг яшаш манзили тинтув қилинганида, шкаф ичидаги кийимларининг чўнтагидан тахминан 30 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси топилиб, расмийлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Зарбдор ойлиги” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Постда.уз