Старшина Нурбек Очилов ҳарбий хизматдан қайтган ўғли Баҳриддинга ички ишлар органларига ишга киришни тавсия қилди. У йигирма йилдан бери шу тизимда ишларди. Касбининг орқасидан фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказди.

Баҳриддин ҳеч ўйлаб ўтирмай, хизматга кириш учун ариза топширди ва тез орада Янгиэр шаҳар ИИБ санитария гуруҳига сафдор ходим этиб тайинланди. 

1976-йил Баҳриддинни сержантлар тайёрлаш мактабига юборишди. Уч йил талабаликнинг қаттиқ нонини ейишга мажбур бўлди. 

1979-йилда Ховос шаҳарчасининг профилактика инспектори лавозимида хизматни давом эттирди. Маёр Умар Сайидалиев, капитан Қаҳҳор Холматовлар унга устозлик қилишди. Ўша пайтларда Ховос Ўзбекистоннинг чорраҳа шаҳарларидан бирига айланганди. Шаҳар вокзалига куну тун Москва, Новосибирск, Ашхобод, Бишкек, Баку, Қозон каби ўнлаб шаҳарлардан поэздлар келиб тўхтар, йўловчилар шу ерда борадиган манзилига қараб поэздларини алмашиб олишар, баҳонада шаҳар билан танишишар эди. Шу боис шаҳардаги осойишталикни таъминлаш жиддий масъулият талаб этарди. 

Вокзалга туташ мавзеда турли республикалардан келиб қолган аҳоли истиқомат қилар, уларнинг кўпчилигини молдованлар ташкил этарди. Ичкиликбозлик, ўғрилик одатий ҳолга айланганди. Ана шундай кунларда Николай Будеэв қотиллиги содир бўлди.

Вокзал яқинидаги хонадонлардан бирида айш-ишрат авж олади. Ичкиликнинг кети узилмайди. Қўшниларникига меҳмон бўлиб келган Николай Будеэв маст ҳолда жанжал бошлайди. Пул талашиб бошланган ўзаро тортишув катта можарога айланади. Шерга айланган Николай бирданига уч нафар шахсни пичоқлайди. Ҳозиргина у билан бир дастурхон атрофида ўтирган кекса онахон, унинг келини, саккиз ёшли қизалоқ қотиллик қурбонига айланади. Қотил уларни ўлдиргач, 80 сўм миқдоридаги пулни олиб, квартирадан чиқиб кетади.

Воқеа жойига етиб борган Баҳриддин вазиятни қўлга олади. Экспертлар, тезкор вакиллар билан биргаликда қотилни излашга тушади. Қўшнилар қотилнинг тахминий кўринишини айтишганида, Баҳриддиннинг олдида топиш қийин бўлган жумбоқ пайдо бўлади. Рус миллатига мансуб одамлар ҳар қадамда бўлса. У шу мавзедаги ўнга яқин гумон қилинувчиларни суриштира бошлайди. Ниҳоят, Будеэв айнан улардан бирининг уйида маст ҳолда ётгани аниқланади. Орадан икки-уч соат ўтмай, қотил қўлга олинади. 

Кейинчалик Баҳриддин Очилов хизматни Янгиэр шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлимида тезкор вакил лавозимида давом эттирди. 

Ўнлаб шогирдлар тарбиялади. Улар орасида капитан Арсен Критчян, маёр Ҳазрат Муҳаммедовларни алоҳида фахр билан тилга олади. 

24 йилдан бери пенсияда бўлган маёр Баҳриддин Очилов Янгиэр шаҳрида истиқомат қилиб, кўпроқ вақтини дала ҳовлисида ўтказади. Яхшигина тадбиркор ҳам. Элликдан ортиқ паррандаси, йигирмадан ортиқ қўй-қўзиси бор. Турмуш ўртоғи билан тўрт фарзандни вояга етказишди. Уч ўғли ва бир қизи ҳам тадбиркорлик йўлидан кетган. Энг муҳими, ўтган умридан рози. Кечқурун хонадонига қайтганида, набиралари унга пешвоз чиқади. Баҳриддин ака буни ўзига берилган энг улуғ неъмат сифатида қадрлайди.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ, 

«Постда» мухбири.

Сирдарё вилояти.