Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғига асосан, жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида ўз фаолиятини бошлаганлиги бўйича хабар берган эдик.
Вазирлик ишчи гуруҳи вилоятнинг ҳар-бир шаҳар-туманларида бўлиб, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли, намунали ва хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича ўрганишлар олиб бормоқда. Бу борада йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш ва яшаш шароитлари яхшиланмоқда.
Ички ишлар Вазири Сариосиё туманида амалга оширилган ишларни кўздан кечириш чоғида, туман ҳудудида қайта реконструкция қилинган 1-сонли Ички ишлар бўлинмаси маъмурий биносининг очилиш маросимида иштирок этиб, сўзга чиқди. Вазир Сариосиё аҳолисини кириб келаётган 8-декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан самимий табриклади ва ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Сариосиёлик 56 минг нафар фуқароларнинг узоғини-яқин, оғирини-енгил қилишга хизмат қилувчи, 17 та маҳаллани қамраб олувчи, Сариосиё туман 1-сонли Ички ишлар бўлинмасининг рамзий тасмаларини кесишди.
Мазкур бўлинмада, бўлинма бошлиғи, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш инспекторлари ҳамда тезкор хизмат ходимлари ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида хизмат олиб боришади.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов очилиш маросимидан сўнг, Ички ишлар органларида кўп йиллар фидоийлик билан хизмат қилган истеъфодаги подполковник Салом Қосимов билан дилдан суҳбат қилиб, устоз-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда, ўз тажриба ва маслаҳатларини тизимдаги ёш ходимларга ўртоқлашаётганлиги учун миннатдорлик билдирди. Меҳмонлар Сариосиё туман Ички ишлар бўлимидаги капитал таъмирдан чиққандан кейинги ҳолати ҳамда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
Сурхондарёда ИИВ ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати
