Кейинги пайтларда содир этилаётган аксарият оғир турдаги жиноятлар спиртли ичимлик таъсирида юз бераётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Энг ёмони, сархушликда содир этилаётган бундай жиноятлар охири аянчли якун топмоқда. Жорий йилнинг 18 июлъ куни Яккабоғ тумани “Обод” Мфйда яшовчи икки фуқаронинг жанжалига ҳам спиртли ичимлик сабаб бўлди.

Яккабоғ туман ҳокимлигида мазкур жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, тумандаги тўртта сектор раҳбарлари ва маҳалла бешлиги ҳамда фаоллари иштирок этишди.

Маълум бўлишича, туманнинг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаролар М.Ж. ва Й.Н. бирга спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзаро жанжаллашиб қолишади. Атрофдаги фуқаролар уларни ажратиб, уйига жўнатиб юборишади.

Шу куни соат 21:00 ларда Й.Н. уйига келиб, ошхона пичоғини олиб, алам устида маҳалладоши М.Ж.нинг уйига боради. Ҳовлида юрган М.Ж. унга пешвоз чиққанда Й.Н. унинг танасига бир неча марта пичоқ уради... 

Муҳокамада бу фуқароларнинг ҳеч қаэрда ишламаслиги, спиртли ичимликка муккасидан кетганлиги таъкидланди. Айнан шу омиллар жиноятнинг юзага келишига сабабчи бўлгани қайд этилди.

Бундан кейин бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш учун маҳалла фаоллари “фуқаробай” ва “хонадонбай” ишлашни янада жонлантириши, вақтида профилактик ишларни амалга ошириб, уларнинг бандлигини таъминлаши иштирокчиларга тушунтирилди.

Содиқ Раҳимов,

“Постда” мухбири.

Қашқадарё вилояти.