Саёқ юрсанг, таёқ ейсан деган гап бежиз айтилмаган. Давронбек (исмлар ўзгартирилди) Чилонзор метро бекати яқинида туни билан санғиб юрадиган одат чиқарган эди. Кунларнинг бирида у бир-икки чоғли ўзига ўхшаган йигитлар билан ўзаро тортишиб қолади. Шунда Нодир ва Рашид исмли йигитлар унинг тарафини олади. Шу-шу улар дўстлашиб қолишади.
Шундан сўнг улар билан ҳар куни кўришиб, гаплашиб юришар эди. Лекин бу улфатчилик охири вой бўлди. Улар ўзаро тил бириктириб, “Миллий боғ”да кетаётган шахсни алдаб, унга тегишли бўлган “Ипҳоне” русумли телефонидан гаплашиб туриш мақсадида олиб, унга қайтариб бермасдан олиб қочиб кетган. Кейин ўқув марказларнинг бирининг эшиги очиқ қолганлигидан фойдаланиб, “Редми 5” русумли телефон аппаратини гумдон қилишган. Ниҳоят Юнусобод туманидаги автомобиллар ювиш шохобчасига яширин равишда кириб, у ердаги ишчиларнинг пулларини ҳамда икки дона уяли алоқа телефонларини ўғирлаб қочиб қолишган.
“Шоввоз”лар ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олиниб, қонун ҳукмига топширилган.
Нилуфар ЖАНИЕВА,
Юнусобод тумани ИИОФМБ ҳузуридаги
Тергов бўлими терговчиси, маёр.
Тошкент шаҳри.
