Шерзод (исм-шарифлар ўзгартирилди)га ота-онаси яхши ниятлар билан «Лаcетти» автомашинасини олиб берди. Ёш йигитча эртадан кечгача ўртоқлари билан «тойчоғида» шаҳар айланиб, кунларини тараллабедод ўтказишга ўрганди. Ота-онасига эса ишлаяпман, деб турли баҳоналарни ўйлаб топиб, алдаб юрди. Кунлардан бир кун ота-онаси Яшнобод тумани Ииофмбга чақиртирилганидагина фарзанди нима ишлар қилиб юрганидан хабар топишди. Аввалига ишонишмади. Лекин далилий ашёларни инкор қилиб бўлмайди.
...Шерзод таниши Иброҳим билан жиноий тил бириктириб, тунги соат 01:30 ларда Чилонзор туманида изғиб юришади.
Ж. Садиновга тегишли бўлган, қаровсиз қолдирилган «Лаcетти» автомашинасининг салкам 2 миллион сўмлик иккита ғилдирагини ўз ускунаси ёрдамида ечиб олишиб, машинасига ортиб жуфтакни ростлашади. Орадан икки-уч кун ўтиб, тунги соат тахминан иккиларда Яшнобод тумани Ховос кўчасида
Ш. Боймировга тегишли «Собалт» автомашинасининг 4 дона ғилдирагини дискалари билан ўмариб кетишади. Улар «ошиғи олчи» бўлаётганидан руҳланиб, Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида қаровсиз қолдирилган «Лаcетти»нинг 600 АҚШ долларилик 2 дона ғилдирагини дискалари билан
ечиб олиб, «қуённинг расмини чизади».
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди очиқ суд мажлисида Шерзод ва Иброҳимларнинг қилмишлари кўриб чиқилиб, муқаддам судланмаганлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда, ҳар иккисига 2 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
«Саёқ юрсанг, таёқ ерсан» деганлари шу бўлса керак-да. Ота-она томонидан ўз вақтида назоратга олинмаган, эрка ва тантиқ фарзандлар пул топиш учун эгри йўлдан кетишди. Бу ҳолат кўплаб ана шундай ота-оналар учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак.
Илҳом ТУРСУНОВ,
маёр.
Тошкент шаҳри.
