Бу каби улкан дарахтлар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам камдан-кам учрайдиган ҳолат экан, – дейди шу маҳаллада яшовчи Зайнобиддин Саидмуродов. – Шу боис кейинги пайтларда садани кўргани келадиган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги кунларда Япония, Швейсария, Ҳиндистон, Россия, Янги Зеландия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан меҳмонлар келишди. У ҳақдаги маълумотлар барчани бирдек қизиқтирмоқда. 

Эманлар оиласига мансуб ушбу дарахт сершохлиги ва серсоялиги билан аҳамиятлидир. Шу боис ёмғир ёққан пайтларда ҳам, унинг ости нам бўлмайди. 

– Бу дарахт қатъий назоратимизга олинган, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси масъул ходими Лочинбек Исомиддинов. – Вақти-вақти билан унинг шохларини озиқлантириш, турли касалликлардан ҳимоя қилиш, агротехник тадбирларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетмоқда. Ана шундай пайтда сада дарахти остида тин олиш танангизни тетиклаштиради. Айниқса, унинг остидан оқиб ўтувчи ариқдаги сув барча чарчоқларингизни аритади. 

– Бу дарахт ҳақида ўтган йили ижтимоий тармоқ орқали ўқиган эдим – дейди Қирғиз Республикаси­нинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан келган Улуғбек Абдурайимов. – Бугун уни кўриб кўзим қувнаяпти. Она табиатга бўлган муносабат ўзлигимизга, инсонийлигимизга бўлган муносабат, деб биламан. Биз фарзандларимизга мусаффо ҳаётни мерос қолдириш учун уни ўз қўлимиз билан яратишимиз керак. Сада дарахти остида шу фикр хаёлимга келди. Қишлоғимга боргач, мен ҳам маҳалламга шу дарахт кўчатини экишга қарор қилдим. 

Саминжон ҲУСАНЗОДА,

ўз мухбиримиз. 

Андижон вилояти.