Сайёҳнинг ҳолатини шу онда тасаввур этиш осон эмас. Ахир, беш яшар қизчаси салкам икки соатдан бери қаерда бўлиши мумкин? Ҳоли не кечди экан? Азбаройи асабийлашганидан боши ғувуллаб, қон босими ошиб, кўзи тиниб, турган жойида ўтириб қолди. 

– Нима бўлди сизга? 

Шу яқинда хизмат ўтаётган ички ишлар органи ходими ёнига келиб, эркакдан ҳол сўради. Осойишталик посбонига кўзи тушгач, у сал хотиржам тортиб, худди нажоткорини топгандек, тезда бўлган воқеани айтиб берди. 

Маълум бўлишича, оила аъзолари билан Бухорои шарифга келган самарқандлик бу сайёҳ қизим хотиним билан қолди, деб ўйлаган, аёли эса отаси билан кетди, деб эътибор бермаган. Ўртада қизалоқ қаровсиз қолган. Ходим сайёҳга: «Хавотирланманг, қизингиз ҳамкасбимнинг ёнида. Яқинда бу ҳақда менга маълум қилганди», деди. 

– Хизмат ҳудудимни айланиб юрганимда, бир қизча йиғлаб ўтирганини кўриб қолдим. Ота-онасини йўқотиб қўйган экан, – дейди вилоят ИИБ ХТТБ Жамоат тартибини сақлаш гуруҳи инспектори, катта лейтенант Зарина Самандарова биз билан суҳбатда. — Бу ҳақда раҳбариятга билдириб, қизчани вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб боришни ўйлаб турганимда, ҳамкасбим унинг ота-онасини бошлаб келди. 

Катта лейтенант Зарина Самандарова хизмат фаолияти давомида ана шундай ҳолатларнинг кўплаб маротаба гувоҳи бўлган. 

Унинг айтишича, ёзнинг иссиқ кунлари сайёҳларнинг соғлиғига эътиборсизлиги туфайли, ҳушдан кетиши, қон босими ошиши ва офтоб уриши ҳолатлари ҳам кузатилади. Шу сабабли соҳавий хизмат ходимлари икки йилда бир марта биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш малакаларини «Қизил ярим ой» жамияти кўмагида, хизматдан ажралмаган ҳолда оширишади. Бу, албатта, меҳмон ва сайёҳларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда асқатмоқда. 

Катта лейтенант Зарина Самандарова ўтган йили 932 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳга турли амалий ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган маданий мерос обектларидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга уч марта таклиф ҳамда тақдимномалар киритди. 

–Зарина ёш бўлишига қарамай, анча масъулиятли ва ўзига талабчан, – дейди вилоят ИИБ ХТТБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ойбек Ҳасанов. – Бундай дейишимнинг боиси, жамоамизда хизмат қилаётганига уч йилдан ошган бўлса-да, ҳали бирор маротаба унга нисбатан эътироз бўлгани йўқ. Доим хизмат интизомига риоя қилади, топшириқларни ўз вақтида бажаради. Шунингдек, турли мусобақаларда, кўрик-танловларда ҳам фаол иштирок этади. 

Аёл кишига ички ишлар органларида хизмат қилиш осон эмас, албатта. Зарина Самандарова касбини севгани учун ҳам қийинчиликлардан чўчимайди, бошқа хотин-қизларга ўрнак бўлишга интилади.

2025-йил у учун омадли келди, яъни ИИВ Академиясининг масофавий таълим тингловчиси бўлди. Қисқаси, катта мақсадларни кўзлаётган катта лейтенант Зарина Самандарова жамоада ўз ўрнига эга ходим. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.