Вилоят ИИБ М ва ФРБ МТБ инспектори, маёр Умидбек Юсупов махсус тадбир давомида амалга оширилган ишлар бўйича тўпланган ҳужжатларни кўздан кечирар эди. Эшик тақиллади. Фуқаро А.Ваисов ушбу тадбир доирасида Туркманистон Республикаси фуқароларига нисбатан қонуний чора кўриш масаласидан фойдаланиб қолмоқчи бўлиб унга минг АҚШ доллари пора таклиф қилди.
– Минг доллар. Масала ёпилади. Маёр бир зум ҳам ўйламади. Чунки баъзи қарорлар ўйлаб қабул қилинмайди – улар қалбдан чиқади. Кечга бориб, хизмат хонасида пул далилий ашёга айланди. Кимдир пул йўқотди. Кимдир шарафни сақлаб қолди.
***
Инспектор қайсар чиқди
Йўл. Соат 09:45. Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ баталёни биринчи сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, сафдор Ғанижон Абдуллаев «Cобалт» автомашинасини тўхтатди. Спирт ҳиди. Алкотестер. Ҳаммаси аниқ. Баённома ёзилаётган пайтда ҳайдовчи қоғозни йиртиб ташлади.
Капот устига 3 миллион сўм пул қўйилди. Ўйладики, масала жойида ҳал бўлади.
Инспектор қайсар чиқди. Бу пул йўлни очмади. Аксинча, уни бутунлай ёпди. Қўллар кишанланди.
Нилуфар ЖАББОРОВА,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
