Шофиркон тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Азизбек Абдуллаев 2020-йили ИИВ Академиясини тугатгач, ички ишлар органларидаги дастлабки хизмат фаолиятини тумандаги «Бобо Ато» маҳалла фуқаролар йиғинида бошлади. Кўп ўтмай раҳбарият ғайратли ва ишчан ходимни туман марказидаги «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига профилактика инспектори этиб тайинлади.
– Устозим маёр Ёқуб Салимов «Профилактика инспектори ўзи хизмат қиладиган ҳудуднинг юрагидай бўлиши керак. Маҳаллада содир бўлган ёки содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисадан биринчилардан бўлиб хабардор бўлмоғи лозим», дея кўп такрорлайди, – дейди катта лейтенант Азизбек Абдуллаев. – Маҳаллада ўндан ортиқ муассасалар жойлашган. Табиийки, ҳудудимизга келиб-кетувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг аксарияти ҳам улар томонидан содир этилмоқда.
А. Абдуллаев хизмат қилаётган ҳудуд айни пайтда «сариқ» тоифада. Қаҳрамонимиз маҳаллани «яшил» ҳудудга айлантириш мақсадида фаоллар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, камчиликларни бартараф этиш чораларини кўряпти.
– Отам Алишер Обидов зиёли инсон, – дейди Азизбек Абдуллаев. – Ақлимни таниганимдан буён уйимизда китоб мутолаа қилинади. Онам уй бекаси бўлса-да, китоб ўқишни одатга айлантирган. Мен ҳам уларга эргашиб, китобга меҳр қўйганман. Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асари ёд бўлиб кетган. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари ва «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китоби энг севиб ўқийдиганларимдан. Хуллас, жамиятда ўз ўрнимни топишимда, юрт корига ярайдиган инсон бўлишимда китобларнинг аҳамияти катта бўлган.
Лавҳамиз қаҳрамони она, Ватан, садоқат ва меҳр-муҳаббат ҳақида шеърлар машқ қиларди. Унинг «Жилға» номли илк шеърий китобчаси ҳам чоп этилган. ИИВ Академиясида таҳсил олганида «Бадиий ҳаваскорлар» тўгарагига қатнашиб, турли тадбирларда фаол иштирок этган.
Дарвоқе, катта лейтенант А.Абдуллаев уч йиллик хизмат фаолияти давомида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган «Зукко китобхон», «Ёш китобхон» танловлари ҳамда «Заковат» интеллектуал ўйинларида фаол қатнашиб келмоқда. 2021-йили «Зукко китобхон» танловининг туман ИИБ босқичида биринчи бўлган бўлса, 2022-йили «Ёш китобхон» танловининг вилоят босқичида ҳам яккаликда, ҳам жамоа таркибида қатнашиб, биринчи ўринни қўлга киритди. 2023-йили эса «Заковат» интеллектуал ўйинида туман ИИБ жамоаси таркибида иштирок этиб, жамоанинг биринчи ўрин эгаллашига ҳисса қўшди.
Ишонамизки, катта лейтенант Азизбек Абдуллаев хизматда ҳам, китобхонлик борасида ҳам ҳали кўплаб муваффақиятларга эришади.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
