Инсон – азиз, хотира – муқаддас. Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганди. Оловли жангларда тинчлик ва озодлик учун курашган инсонларни халқимиз қадрлаб, дунёдан ўтганларининг хотирасини абадий ёдда тутади. Қийин даврларнинг кам сонли тирик гувоҳларидан бири – Хўжайли туманида яшовчи меҳнат фронти иштирокчиси Аразтаган ота Какабаевдир.

Яқинда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник О.Турдақов, Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Ф.Санкибаев, Ўзбекистон жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Й.Алламбеков, Хўжайли тумани Мудофаа ишлари бўлими Фахрийлар кенгаши раиси У.Нуржановлар 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан меҳнат фронти қатнашчиси А. Какабаевнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида хонадонига боришди. Жорий йилда 100 ёшни қарши олаётган отахоннинг шахдам ҳаракатлари, саволларга берган дадил жавоблари келган меҳмонларни ҳайрон қолдиргани бор гап.

1925-йилда таваллуд топган А. Какабаев Хўжайли туманининг «Кулаб» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшарди. Оилада икки ўғил, икки қиз бўлиб, отаси эрта вафот этгани боис, уларни тарбиялаб вояга етказиш ёлғиз она Тозагул опанинг зиммасида қолади. 

Оиладаги етишмовчилик туфайли ёш болаларнинг ўзлари ҳам онасига қўшилиб, ишлашга мажбур бўлади. Айни ёшлик даври бошланганида эса машъум уруш хабари тарқалиб, элдаги ёши етганлар урушга жалб қилинади. Шулар қаторида Аразтаган отанинг акалари Суйинбай ва Есен Омонқуловлар ҳам фронтга кетади. Лекин урушдан қайтиб келмайди.

А.Какабаев эса қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ишлар тўлиқ зиммасига тушганлардан бири бўлди. Кейинчалик механизаторлик касбини ўрганиб, уруш тугагунча ариқларни қазиш, ер ҳайдаш, ҳосил йиғиш, умуман олганда, уруш даврининг қандай қийин заҳматлари бўлса, барчасини тотиб кўради.

– Бир томондан, урушдан келаётган қайғули хабарлар, бошқа томондан, оғир меҳнат одамни толиқтириши турган гап. Лекин «Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун» шиори остида кўпчилик жипслашиб, меҳнатимиз орқали ғалабага ҳисса қўшиш мумкинлигини яхши англаб етганмиз. У пайтдаги ёш авлод учун қанчалик қийин бўлганини ҳис этиш осон эмас. Тўғриси, тўйиб овқат ейиш, тинч ухлаш армонга айланган замон эди. Илоҳим, ундай кунлар ҳеч қачон қайтиб келмасин, – дейди Аразтаган ота.

Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, уруш пайтда бир неча бор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади. Бундан ташқари, «Меҳнат шуҳрати» ордени, Иккинчи жаҳон урушининг 50 йиллиги ва 75 йиллиги медаллари, 1976-йили «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган механизатор» унвони, 1994-йилда эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланади.

Рафиқаси Халбиби Авезова билан биргаликда 3 ўғил ва 5 нафар қизни тарбиялаб вояга етказади. Лекин тақдир экан, турмуш ўртоғи 

1994-йили вафот этади. Фарзандлари жамиятимизнинг турли соҳаларида хизмат қилиб, бугунги кунда уларнинг барчаси пенсияда. Ҳозирда бу катта оилада 26 нафар набира ва 40 га яқин эваралар ўсиб келаётир.

Азамат ПИРНИЯЗОВ, 

ўз мухбиримиз.

Қорақалпоғистон Республикаси.