Наманган вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Йўл инфратузилмасини назорат қилиш бўлими бошлиғи, капитан Раҳмиддин Ривожиддиновни соҳада ишлаётган кўплаб ходимларнинг устози десак, муболаға бўлмайди. Унинг ташаббуси билан вилоятдаги йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш орқали йўл-транспорт ҳодисалари кескин камайишига эришилди. Устознинг бу борадаги оқилона таклифлари раҳбарият томонидан кўриб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. 

Хусусан, Наманган шаҳридаги аҳоли энг гавжум жойларда айланма йўллар ташкил этилди, бир томонлама ҳаракат йўлга қўйилди. Мунтазам равишда тирбандликлар ҳосил бўлаётган чорраҳаларнинг геометрик шакли ўзгартирилди. Барча туманлар марказларидаги аҳоли гавжум жойларда ҳам чорраҳалардаги йўналишларга ўзгартиришлар киритилди. 

Талабчан раҳбар, ёшларнинг ғамхўр мураббийси. Раҳмиддин ака вилоятдаги йўллар географиясини пухта ўзлаштирган малакали мутахассис ҳамдир. Шунинг учун бўлса керак, соҳадаги муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ечимига жавоб топишда у киши­га тенг келадигани топилмаса керак. Бундан ташқари, Раҳмиддин ака инсонийлик фазилатлари билан ҳам кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўла олган.  

Ҳаёт йўлимизда бизга одамийлик сабоғи ва касб сир-асрорларини ўргатиб келаётган устозимга чин дилдан ташаккур айтмоқчиман. Шогирдларингиз бахтига доим омон бўлинг, узоқ йиллар бизга тўғри йўл кўрсатиб юришда давом этинг, устоз!

Беҳруз АНВАРОВ,

Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 

Йўл инфратузилмасини назорат қилиш 

бўлими муҳандиси, катта лейтенант.