Шундай асарлар бўладики, улар саҳнага қўйилгандан сўнг орадан бир неча ўн йиллар ўца-да, завқу шавқи, туйилган таассуротлар, қаҳрамонларни жонлантирган актёрларнинг бетакрор иборалари, ўзига хос хатти-ҳаракатлари кўз олдингизда гавдаланаверади. «Шум бола» спектакли ҳам худди шундай шон-шуҳратга бурканган асарлардан биридир. 

Бугун йиллар аро шонли йўлини давом эттириб, томошабинлар қалбида улуғвор ҳайкал тиклаган Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиэвнинг умр йўлларига назар ташлаймиз.

БАХТЛИ ТАСОДИФ

Хайрулла Саъдиев 1940-йил Тошкент шаҳрида таниқли театр актёри Ҳабиб Саъдий оиласида туғилган. Оилада учинчи фарзанд бўлган Хайруллани отаси тиззасига ўтқазиб, жингалак сочларини силаркан, уруш тугаса, албатта, катта тўй қилиш ор­зуси борлигини бот-бот такрорларди. Ўшанда у беш ёшда эди. Олис-­олисларда давом этаётган даҳшатли уруш ҳам тугади, лекин орзулари армонга айланган отанинг ҳам умри поёнига етди. Беш бола билан ёлғиз қолган онаизор уларга ҳам она, ҳам оталик қилди. Она сифатида ўзи емай болаларининг оғзига тутди, ота сифатида ҳам меҳр берди, ҳам 

қатъият ва талабчанлик билан ўстирди. Ҳатто Хайрулла ўқиш ёшига етганда, ортиқча эркалик қилмасин, деб ўзи ишлаётган мактабга эмас, бошқа мактабга берди. Оилада ҳам болаларнинг тарбия­сига қаттиқ турди. Уларнинг келажакда олий маълумотли бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун курашди...

Мактабни тугатган бўлса-да, ҳали бир қарорга келмаган Хайруллани амакиваччаси Ўзбекистон халқ артис­ти Лутфулла Саъдуллаэв Островский номидаги театр ва рассомлик институтига бирга боришга кўндиради. Имтиҳонга кирган Хайрулла барча саволларга яхши жавоб беради, монолог, шеър, масал айтади, қўшиқ ижро этади, барча белгиланган синовларни топширади. Лекин таниқли санъаткорлардан иборат ҳайъ­ат аъзолари уни қабул қилишмайди. 

Тақдирнинг кутилмаган зарбасидан эсанкираб, институт ҳовлисида хаёл суриб ўтирган йигит «Сиз, мабодо Ҳабибулла аканинг ўғлимасмисиз?» деган сўроқдан ўзига келади. Тасдиқ жавобини олган хушрўйгина аёл афтода ҳолатининг сабабини сўрайди. Хайрулла ҳали ҳаммасини айтиб улгурмасидан, унинг қўлидан ушлаб, тўғри имтиҳон бўлаётган хонага бош­лаб киради. Бироз асабийлашган ҳолда, «Сиз кимга сенда овоз йўқ деганингизни биласизми? Ахир бу машҳур ариялар ижрочиси, соҳир овоз соҳиби Ҳабиб Саъдийнинг 

ўғли-ку...» деб уларни Хайруллага имкон беришга кўндиради.

ТЕАТР БАҲОРИ

Мамлакатимизда театр мавсуми бежиз баҳорда бошланмайди. Баҳор – йилбоши, баҳорда бутун борлиқ баравж бўлади. Театрга ҳам ёш йигит-қизлар умр баҳорининг авж палласида қадам қўйишади...

Устози, Ўзбекистон халқ артисти Назира Алиэванинг қўллови билан талабалар сафига қабул қилинган Хайрулла Саъдиев 1963-йилда инс­титутни тугатиб, Тошхўжа Хўжаэв­нинг тавсия­сига кўра, Ёш томошабинлар театрига ишга келади. Театр­да Иброҳим Аредов, Афандихон Исмоилов, Воҳид Қодиров, Обид Толипов каби саҳна усталаридан актёрлик санъати сирларини ўргангани унинг ибратхонада ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этди. Х. Саъдиев ижросидаги ўнлаб образлар актёрга чинакам шуҳрат келтирди.

БИР БАҲР, ИККИ КЕМА

Халқимизда «Икки кеманинг бошин тутган ғарқ бўлар» деган пурмаъно нақл бор. Бу – айни ҳақиқат. Лекин санъат аталмиш бепоён уммонда икки кема – ҳам театр, ҳам кинони кўзи устида тутиб, бетакрор образларни яратган буюк санъаткорларимизнинг саноғи салмоқлидир.

Шундай иқтидор эгаси бўлган лавҳамиз қаҳрамони Ёш томошабинлар театрида ишлаган даврларидаёқ ўз ижодий қиёфасига ва услубига эга эди. Ҳажвий образларнинг моҳир устаси сифатида томошабинларга танилган санъат­кор бу театрда ўн йилдан ортиқ ишлаб, актёрлик маҳорати ошиб, ижоди шаклланган бир пайтда, яъни 1986-йил­да янги ташкил этилган Сатира театрига ишга таклиф этишади. Бу театрда ҳам ўз томоша­бинини топган Х. Саъдиев ўз устида тинмай ишлади, ижодий изланиб, ролдан ролга ўсиб борди, актёрлик маҳоратининг янги-янги қирраларини намоён этди. 

У яратган ёрқин ҳажвий образлар кулгисевар томошабинларнинг таҳсини ва олқиш­ларига сазовор бўлди. Маҳоратли актёр ўзининг чуқур мазмунли, теран ва бетакрор образлари билан театр репер­туарини бойитди. 

Х. Саъдиев Жингалак («Ой бориб, омон қайт»), новвой («Семурғ»), Мамат («Шиддат»), Анвар  («Чинор»), куёвнинг дўсти («Тўйлар муборак»), масхарабоз («Маҳмуд паҳлавон»), эртакчи чол («Акмалнинг саргузашт­лари»), Хайрулла («Марҳумнинг хотираси»), Қўрқинч («Арслоннинг саргузаштлари»), чойхоначи («Хумча»), масхарабоз («Марғиёна»), Тойчахон («Алпомиш»), Райҳон қизиқ («Мешполвон») каби роллари билан кино санъатида ҳам ўз имзосини қўйди. 

Шунингдек, телевизион спектаклъ ва филъмларда фаол иштирок этиб, «Шум бола»да Шум бола, «Излайман»да Анвар, «Учрашув»да Собир, «Шайтанат»да Жалил каби ўзига хос қаҳрамонларни гавдалантирган моҳир актёр махсус театрлашган дастурларда Афанди, асабий одам, лектор каби образларни ҳам яратган. 

Бундан ташқари, таниқли актёр «Наштар» киножурналида қатнашиб, бир қатор пухта образлари билан мухлислар қалбидан муқим жой эгаллади. Икки юздан ортиқ филмларнинг дубляжида иштирок этди. Шунингдек, телевизион миниатюралар театрининг доимий қатнашчиси бўлган санъаткорнинг Ўзбекистон телевидениеси ва радиосида яратган образларини ҳам томошабинлар илиқ кутиб олди.

СИНОВЛАРДА СИНМАГАН САБР

Ҳаёт синов майдони аслида. Лекин синовларни сабот билан енгиш ҳаммага бирдек насиб этавермайди. Кимдир бу майдонда синалиб, ундан мардона чиқиб кетади. Кимнингдир эса сабри етмай ногоҳ синади...

Ҳамсабоғи ва ҳамкасби Раъно Мад­раҳимова билан кечган бахтли онлари ҳам узоққа чўзилмайди. Жигар хасталигига чалинган турмуш ўртоғи ёлғиз фарзандини ёдгор қилиб, бу дунёни эрта тарк этади.

Гоҳ қувонч, гоҳи ғам олиб келган йилларга басма-бас яшаётган устоз актёрни яна бир синов кутиб турарди. 2020-йил февралининг бошида Хайрулла Саъдиев суянган тоғи тўнғич ўғли, ички ишлар органларида турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган, истеъфодаги подполковник Сардор Саъдиевдан айрилди. Аслида бу ҳар бир тирик жон тотиб кўрадиган шароб. Лекин фарзанд доғи тоғдек отани ҳам қулатиши мумкин. Болалиги уруш даврига тўғри келган ва ундан кейинги қийинчиликларни ҳам мардонавор енгиб, бутун вужуди бардош­га айланган буюк актёр бу жудолик диёридан ҳам мардонавор ўта олди... 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Халқ ардоғидаги актёрнинг устози, шогирдига миқёссиз меҳр қўйган Наби Раҳимов уни доим дуо қиларкан, «Яратган сенга минг ой умр берсин», деб алқарди. Мана, отасидек улуғ устоз дуоси ижобат бўлиб, халқимизнинг севимли актёри, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Хайрулла Саъдиев 6-декабр куни муборак 85 ёшни қаршилайди. Кўп сонли мухлислар номидан устоз санъаткоримизга соғлиқ тилаб, умрлари боқий, ижодлари баравж бўлсин деб қоламиз!

Темир ҚУРБОН.